“Корея Республикаси элчиси кубоги”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди

175

Пойтахтимиздаги “Универсал” спорт саройида таэквондо WT бўйича XXII “Корея Республикаси элчиси кубоги”нинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Унда спорт вазири Адҳам Икромов, мамлакатимиз таэквондо WT ассоциациясининг раиси Шерзод Тошматов ва Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён иштирок этди.

Байрамона безатилган мазкур мажмуага чорлов садолари остида  мусобақа иштирокчилари кириб келди. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.

Маросимда А.Икромов ва Вон До Ён сўзга чиқиб, мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган таэквондо WT аҳоли ўртасида жадал оммалашаётгани, ёшларимиз ушбу спорт тури бўйича Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ҳамда Осиё ўйинларида улкан марраларни забт этаётгани ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, таэквондони янада ривожлантириш борасида ҳар икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар янги босқичга чиқаётгани таъкидланди.

Халқаро мусобақанинг тантанали очилиш маросимида таэквондочиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Эслатиб ўтамиз, мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудидан келган 400 нафардан ортиқ таэквондочилар ғолиблик учун куч синашмоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев,

Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА