Нодир илмий мероси билан инсоният тарихида чуқур из қолдирган олим

137

4 сентябрь – Абу Райҳон Беруний таваллуд топган кун

Бугун ўзининг нодир илмий мероси билан инсоният тарихида чуқур из қолдирган буюк олим ва мутафаккир Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний туғилган кун.

Хоразм заминида 973 йил дунёга келган Беруний ўз даврининг етук географи, астрономи, математик олими, тарихчиси ҳамда табиатшуноси сифатида жаҳон илм-фанида беқиёс мавқе касб этган. Беруний умри давомида 150 дан ортиқ илмий асар яратди. Аллома ўз замонасида биринчи бўлиб Ер радиусини аниқлашга муваффақ бўлган. Қуёш ва Ой тутилишлари, Ернинг айланиши каби мураккаб жараёнларни математик ҳисоб-китоблар орқали изоҳлаган.

У Хоразмнинг қадимги пойтахти Кот шаҳрида туғилди ва ёшлигиданоқ илм-фанга қизиқиши орта борди. Кейинчалик машҳур олим Абу Наср Мансур ибн Ироқ қўлида таълим олди.

Ибн Ироқ астрономия, геометрия, математикага оид бир қанча асарлар ёзиб, шулардан 12 тасини Берунийга бағишлаган. Беруний она тилидан ташқари яна бир қанча тилларни: араб, сўғдий, форс, сурёний, юнон ва қадимги яҳудий тилларини, кейинчалик Ҳиндистонда санскрит тилини ўрганган.

Беруний шоҳ Маъмун II нинг энг яқин маслаҳатчиси сифатида мамлакатнинг сиёсий ишларида ҳам фаол қатнашган.

Хоразмнинг Маҳмуд Ғазнавий томонидан босиб олиниши Беруний ҳаётини хавф остига қўйди. У Хоразмшоҳ саройидаги барча олимлар билан бирга Ғазна шаҳрига асир қилиб олиб кетилган.

Берунийнинг 1017–1048 йилларда Ғазнада кечирган ҳаёти, бир томондан ниҳоят оғир кечган бўлса, иккинчи томондан, унинг илмий фаолияти учун энг маҳсулдор давр бўлди.

Берунийнинг «Хоразмнинг машҳур кишилари» асари ҳам шу даврда яратилган. Унинг муҳим астрономик-географик асари «Таҳдид ниҳоёт ал-амония ли тасҳиди масофат ал-масокин» («Турар жойлар орасидаги масофани текшириш учун жойларнинг охирги чегараларини аниқлаш» — «Геодезия») 1025 йилда ёзиб тугатилган. Алломанинг «Мунажжимлик санъатидан бошланғич тушунчалар» асари ҳам 1029 йил Ғазнада ёзилган.

Берунийнинг асарларига XIX асрдан бошлаб Европа ва Осиё мамлакатларида қизиқиш янада кенг тус олди.

А. Рустамов, ЎзА