Уруғчилик соҳасида Германия билан ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
138

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази раҳбарияти Германиянинг «ADT Project Consulting GmbH» компанияси вакиллари билан учрашди. Учрашувда уруғчилик соҳасидаги устувор вазифалар, илмий ёндашувлар асосида юқори ҳосилдор навларни тарғиб қилиш ва минтақавий шароитларга мос илғор технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Унда Марказ директори Шуҳрат Отажонов мамлакатимизда аҳолининг ўсиб бориши натижасида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ошаётганини таъкидлаб, сифатли ва сертификациядан ўтган чет эл уруғлик материалларини бизга интродукция қилиш ҳамда маҳаллий навлар билан чатиштирган ҳолда янги навлар яратишнинг аҳамияти ҳақида гапирди.


Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини тозалаш, саралаш, дорилаш ва қадоқлаш жараёнларини замонавий инновацион ускуналар билан янгилаш, хорижий ҳамкорларни жалб этиш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда Германияда қўлланилаётган янги технологияларни мамлакатимизда жорий этиш бўйича фикр алмашилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА