Ўзбекистон ёшлари Лачиндаги нуфузли тадбирда иштирок этди
128

Озарбайжон Республикаси Лачин шаҳрида “МДҲ давлатлари халқаро кино кунлари” ва “МДҲ давлатлари ёшлари лагери” ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан делегациялар иштирок этди.
Маълумки, МДҲга аъзо давлатлар Гуманитар ҳамкорлик кенгаши қарорига мувофиқ, Озарбайжон Республикаси Шарқий Зангазур иқтисодий ҳудудининг Лачин шаҳри “МДҲнинг маданият пойтахти” деб эълон қилинди.


Шу муносабат билан тадбир доирасида “Лачин шаҳри куни” нишонланди. Ёшлардан иборат ишчи гуруҳлар креатив индустриялар бўйича муҳокамалар олиб бориб, қўшма лойиҳалар бўйича таклифлар ишлаб чиқишди. Якунда ёшларга оид декларация қабул қилинди.

“Халқаро кино кунлари” доирасида МДҲ давлатларининг бадиий фильмлари намойиш қилиниб, режиссёрлар ва маданият арбоблари иштирокида чиқишлар ва мунозаралар ўтказилди. Ҳар бир давлатдан биттадан фильм субтитрлар билан тақдим этилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА