“Карьера оромгоҳи – 2025” тадбирида қанча ёшлар қатнашди?

Мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг билим ва ҳунар ўрганишга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Мазкур саъй-ҳаракатларда изчиликка эришиш Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам қайд этилган. Унда келажак авлод вакилларини ватанпарварлик, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга шахс сифатида тарбиялаш назарда тутилган.

Шу мақсадда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган “Карьера оромгоҳи” баркамол авлод вакилларини меҳнат бозорига тайёрлаш, уларни замонавий билим ва кўникмаларга ўргатиш, етакчи компаниялар билан мулоқот майдонини яратишга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Оромгоҳда мамлакатимиз ҳудудларидан сараланган 200 нафар энг иқтидорли ёшлар 7 кун давомида турли йўналишлардаги амалий машғулотларда билим ва кўникмаларини оширди.

Тадбир давомида Ўзбекистонда фаолият юритаётган 14 та йирик ташкилот ва компания вакиллари ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, меҳнат бозоридаги реал талаблар ҳамда мавжуд имкониятлар ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
“Карьера оромгоҳи – 2025” якунланган бўлса-да, унинг теграсида амалга ошириладиган ишлар, ёшларни иш билан таъминлаш, қизиқишларидан келиб чиқиб соҳаларга йўналтириш тадбирлари давом этмоқда. Бу, юрт тараққиётининг, жамият фаровонлигининг ўқ томирлари бўлган соҳаларга ёш ва интилувчан мутахассислар кириб бораётганидан далолат.
Т.Рўзиев,
ЎзА