Сенат Раиси: Янги Ўзбекистон ғояси – халқимизни жипслаштирувчи, улкан марраларга ундовчи миллий ғояга айланди

155

Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда. Мажлисда маъруза қилган Сенат Раиси Танзила Норбоева саккиз йил олдин Президентимиз илгари сурган Янги Ўзбекистон ғояси халқимизни жипслаштирувчи, улуғвор мақсад ва улкан марраларга ундовчи миллий ғояга айланганини қайд этди.

Ушбу ғояни рўёбга чиқариш йўлидаги тинимсиз саъй-ҳаракатлар, ўзгариш ва янгиланишларни ҳар биримиз ўз ҳудудимиз, маҳалламиз, умуман, ҳаётимиз мисолида кўриб турибмиз.

Кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари: янги шаҳарлар, йўл-транспорт инфратузилмаси объектлари, йирик спорт иншоотлари, илм-фан, маданият ва маърифат масканлари халқимизнинг бугунги ва келажагини фаровон қилишга қаратилган.

– Одамларимиз дахлдорлик ҳисси билан йўғрилган янгича фикр, янгича дунёқараш, янгича орзу-умидлар билан яшамоқда, – деди Танзила Норбоева. – Уларни рўёбга чиқариш, умуман халқимизни рози қилиш Президентимиз етакчилигидаги ислоҳотларнинг бош мақсади. Ана шу мақсад йўлида ободлик кўлами, тараққиёт суръатлари мисли кўрилмаган даражада кенгайиб, жадаллашиб бормоқда.

Кейинги саккиз йилда ялпи ички маҳсулот 2 карра ошиб, ўтган йил 115 миллиард долларга, экспорт ҳажми 26 миллиард долларга етган. Йил якунигача ялпи ички маҳсулот 130 миллиард долларга етади. Олтин-валюта захиралари тарихда илк бор 48 миллиард доллардан ошди, ўтган саккиз йилда юртимизга қарийб 130 миллиард доллар хорижий инвестиция кириб келган.

Мазкур кўрсаткичлар кўп жиҳатдан юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган оқилона сиёсат самараси эканини эътироф этиш керак.

–Давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг 34 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Янги Ўзбекистонда тадбиркорлик иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи, олдинга бошловчи катта кучга айланганини алоҳида таъкидлади. Яқинда Президентимизнинг тадбиркорлар билан бўлган очиқ мулоқотида бунга ҳаммамиз яна бир бор амин бўлдик. Ишбилармонлар кўпайиб, юзлаб корхоналар фаолияти борган сари кенгайиб, ривожланмоқда. Иш ўринлари сони ҳам ошмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 5 миллион аҳоли бандлиги таъминланди. Биргина бизнесни “соя”дан чиқариш бўйича олиб борилган тизимли чоралар натижасида иш ўринлари сони 800 мингдан зиёдга кўпайган. Бу йил жами 35 миллиард доллар инвестиция эвазига 9 мингга яқин янги корхона, хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилади. Бу дегани, ҳудудларимиз янада обод бўлади, аҳоли учун қулай, замонавий шароитлар яратилади, минглаб қўшимча иш ўринлари очилади, оилалар фаровонлиги янада юксалади, – деди Сенат Раиси.

Норгул Абдураимова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат),

ЎзА