Автомобиль йўллари қўмитаси мурожаатлар билан қандай ишламоқда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси йиғилишида шаҳарларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар қай даражада ҳал этилаётгани юзасидан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг ахбороти эшитилди.
Қайд этилганидек, мурожаатларда кўтарилаётган масалаларни атрофлича таҳлил қилиш, уларни масъул давлат органларига йўналтирган ҳолда ижобий ҳал этилишини назорат қилиб бориш Қонунчилик палатаси депутатларининг асосий вазифаларидан бири саналади. Айниқса, автомобиль йўллари соҳаси каби муҳим йўналишларда келиб тушаётган мурожаатларнинг ўз вақтида ва сифатли ҳал этилиши бевосита аҳолининг фаровонлигига хизмат қилади.

Ахборотда келтирилганидек, Автомобиль йўллари қўмитасига 2025 йил январь-август ойларида жисмоний ва юридик шахслардан жами 892 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 508 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 359 тасига тушунтириш берилган, 25 таси эса кўриб чиқилмоқда.

Қўмита раҳбарияти томонидан ташкил этилган шахсий ва сайёр қабулларда 33 та мурожаат кўриб чиқилган бўлса, уларнинг 23 таси ижобий ҳал этилган.
Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари “Ишонч телефони”, 24/7 режимда фаолият кўрсатувчи “Саll markazi”, “Шаффоф йўл” электрон платформаси орқали ҳам қабул қилиниб, уларни тезкорлик билан рўйхатга олиш, кўриб чиқиш ва ўз вақтида ҳал қилиш учун тегишли ваколатли ходимлар, масъулларга йўналтириш амалиёти йўлга қўйилган.
М.Комилова,
ЎзА