Оила ва гендер тенглик масалалари ҳақида сўз юритилди

Оила – ҳаётнинг боқийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминлайдиган қадриятлар бешиги, келажак авлодлар учун бетакрор тарбия масканидир.
Юртимизда оилага бўлган эътибор азалий қадриятлар, миллий урф-одатлар билан чамбарчас боғланган ҳолда кўзга ташланади. Оила, жамият ва давлат тушунчалари доимо уйғунликда, муштаракликда тилга олинади.
Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, оила мустаҳкамлиги учун хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Шу мақсадда «Соғлом оила – соғлом жамият учун бирлашайлик» мавзусида ўқув семинари ташкил этилди. Тадбирда гендер тенглиги, оила мустаҳкамлиги ва соғлом жамият барпо этиш ўртасидаги ўзаро боғлиқлик кенг муҳокама қилинди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўғилой Уразова, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Ахмедова, шунингдек, муассаса, ташкилот, корхона ва вазирликлар ходимлари иштирок этди. Учрашув давомида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирокини кенгайтириш, оилавий масъулиятни адолатли тақсимлаш масалалари муҳокама қилинди.



Шунингдек, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва ёш авлод тарбиясида гендер тенглигининг ўрни ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Мутахассислар томонидан иштирокчиларга ҳуқуқий, руҳий ва тиббий жиҳатдан фойдали тавсиялар берилди.
Ўқув семинари якунида гендер тенгликни таъминлаш нафақат соғлом оила, балки бутун жамият тараққиётининг муҳим кафолати экани тушунтирилди. Ҳар бир фуқаронинг тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиши, ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун зарур шароитлар яратиш – бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири экани таъкидланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги