Францияда Башар Асадни ҳибсга олиш бўйича кўрсатма берилди

191

Франция Суриянинг собиқ Президенти Башар Асад ва яна олти нафар юқори мартабали собиқ амалдорни ҳибсга олишга ордер берди, деб ёзди “Al-Jazeera”. Қарорга 2012 йил Хомс шаҳри бомбардимон қилингани ва икки журналист ҳалок бўлгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Нашр ёзишича, ўша воқеа қурбонлари – Британиянинг “The Sunday Times” газетасида ишлаган 56 ёшли америкалик Мари Колвин ва 28 ёшли француз сураткаши Реми Ошлик.

Мамлакат расмийлари ушбу ҳодисани инсониятга қарши эҳтимолий ҳарбий жиноят сифатида тергов қилмоқда. Буйруқ Асаддан ташқари унинг укаси, Сурия 4-зирҳли дивизияси собиқ раҳбари Моҳир Асад, разведка бошлиғи Али Мамлук ва армия штаби собиқ раҳбари Али Аюбга ҳам тегишли.

Суриянинг аввалги расмийлари Хомсдаги турар жой бинолари бомбардимон қилинишига алоқадорликларини инкор этган. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва сўз эркинлиги маркази билдиришича, Франция суд тергови ҳужум чоғи хорижлик журналистлар қасддан нишонга олинганини аниқлаган.

– Тергов Боб-Амрдаги норасмий матбуот марказига қилинган ҳужум Сурия режимининг ўз жиноий ҳаракатлари ёритилишини чеклаш, оммавий ахборот воситалари вакилларини шаҳар ёки мамлакатни тарк этишга мажбурлаш мақсадида хорижлик журналистларни нишонга олиш ниятининг бир қисми эканини аниқлади, – деди Сурия ОАВ ва сўз эркинлиги маркази бош директори, ҳуқуқшунос Мазен Дарвиш.

Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси (FIDH) ҳам журналистлар “режим томонидан содир этилган жиноятларни ҳужжатлаштириш” учун қамалдаги шаҳарга яширинча киргани ва “мақсадли бомбардимон” қурбонига айланганини таъкидлади.

Дарвоқе, Башар Асад 2024 йил декабрь ойида ҳокимиятдан ағдарилган, кейинроқ оиласи билан Россиядан бошпана топган.

М.Пирматова, ЎзА