Жанадарёда янги спорт зали фойдаланишга топширилди

165

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги «2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, Тахтакўпир тумани Жанадарё қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 19-сонли умумий ўрта таълим мактаби ёнида лойиҳа қиймати 1 млрд. 728 млн. сўмлик замонавий спорт зали қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Бинонинг очилиш маросимида туман ҳокими Жамбул Адилов иштирок этиб, қишлоқ аҳолиси ва мактаб жамоасини Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги ва янги ўқув йилининг бошланиши, янги спорт залининг фойдаланишга топширилиши билан табриклади. Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳақида тўхталиб, янги спорт зали қишлоқ ёшларининг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун марказ бўлиши ва улар орасидан келажакда Осиё, жаҳон ва Олимпия чемпионлари етишиб чиқишига тилакдошлик билдирди.

Тантанали маросимда қурилиш ишларини сифатли бажарган «Перспектива Монтаж Нукус» МЧЖ қурувчилари туман ҳокимлигининг Ташаккурномаси билан тақдирланди.

Албатта, ҳудудда спорт залининг ишга туширилиши натижасида мактаб ўқувчиларининг жисмоний тарбия билан шуғулланишига кенг имкониятлар яратилиб, спорт тўгараклари фаолияти янада фаоллашади ва бу ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлашга хизмат қилади деб ишонамиз.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси