Уйлар бўйича юзага келаётган низолар — ечимлар ва суд амалиётидаги ёндашувлар

Қорақалпоғистон Республикаси судида кўп квартирали уйларда жойлашган уй-жой ҳамда нотурар жой мулкдорлари ва уй-жойни бошқариш органлари ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича семинар ташкил этилди.
Тадбирда Фуқаролик ишлари бўйича судьялар, прокуратура масъул ходимлари, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, шунингдек, бошқарув сервис компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Семинар давомида кўп квартирали уйларда юзага келадиган ҳуқуқий низолар, уларни ўз вақтида ҳал этишнинг аҳамияти, судлар томонидан қонунларни бир хилда ва адолатли қўллаш масалалари муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари, Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Керимбаев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташаббуси билан тайёрланган “Кўп квартирали уйларда жойлашган уй-жой ҳамда нотурар жой мулкдорлари ва уй-жойни бошқариш органлари ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича” амалий қўлланманинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Қайд этилганидек, мазкур қўлланма соҳадаги суд амалиётини яхшилаш ва турли талқинларни бартараф этишга хизмат қилади.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси Зульфия Бабаджанова мазкур қўлланманинг мазмун-моҳиятини иштирокчиларга батафсил тушунтирди. Жумладан, мулкдорлар ва бошқарув органлари ўртасидаги шартномалар, уларни тузиш тартиблари, тарафларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари, судларга кимлар ва қандай асосда мурожаат қилиш мумкинлиги, аризалар намуналари ва лозим ҳужжатлар тўғрисида аниқ маълумотлар берилди. Шунингдек, суд харажатлари, давлат божидан бериладиган имтиёзлар, даъволарни қабул қилиш, қайтариш ёки рад этиш асослари ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.
Семинар якунида соҳада йўл қўйилаётган камчиликлар, фуқаролар томонидан билдирилаётган ҳақли эътирозлар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чоралар юзасидан иштирокчилар ўртасида фикр алмашув бўлиб ўтди.

Бундай амалий тадбирлар кўп квартирали уйлардаги муносабатларни ҳуқуқий асосда тартибга солиш, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва суд амалиётида ягона ёндашувни таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси