Оқ ароқнинг лойқаси…

225

Бугунги кунда юртимизда замон талабига мос таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун барча қулай шароитлар яратилган. Ўзларига яратилган бундай имкониятлардан самарали фойдаланиб келаётган кўплаб ёшларимиз олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олиб, халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали хизмат қилиб келмоқда.

Бироқ, «беш бармоқнинг баробар бўлмаганидек» республикамиздаги айрим ёшларимиз осон йўл билан пул топишни ўйлаб, ўзлари сезмаган ҳолда жиноят йўлига кириб кетмоқда.

Биз гапирмоқчи бўлган, суд материалини ўқиб ўтириб, беихтиёр аттанг деймиз…

Энди воқеа бўйича тўхталадиган бўлсак, «тепса темир узадиган» тахтакўпирлик ғиртдай икки йигит, яъни, Тўлибой билан Саламат бировининг Қозоғистонга ишлашга кетаётганини баҳона қилиб, «йўл очар» сифатида иккови ароқ ичади. Сўнгра уларнинг яна ичкиси келиб, Довқора қишлоғида яшовчи таниши Мансурнинг уйига бориб бу ҳазилини давом эттиради ва ўзаро суҳбат давомида Тўлибойнинг сотиладиган мотоцикли борлигини эшитиб, Мансур туман марказида яшовчи Тўлибойнинг уйига боради.

Шу вақт оралиғида «ароқнинг кучи» ўзини кўрсатиб, «уч дўст» ўзаро жиноий тил бириктириб, Тўлибойнинг қўшниси Абатгул опанинг икки бош ҳисор зотли қўйларини ўғирлайди ва уни автомашинага ортиб, Қораўзак туманида яшовчи фуқаро Ансотга чўпонларнинг қўйи эди, арзон олиб қол деб 4 млн сўмга сотади.

Бироқ, «ойни этак билан ёпиб бўлмайди» деганларидек, уларнинг қилган бу хатти-ҳаракатлари эртасига маълум бўлиб, қўйни бозорда сотаётган Осон ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ушланади. Яқинда бу «уч йигит»нинг қилган жиноий иши жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир туман судида кўриб чиқилиб, уларга қонун асосида тегишли жазо тайинланди.

«Ўғриликнинг туби…» дегани шу бўлса керак.

 

(Мақолада одам исмлари ўзгартириб олинди)

 

О.Мауленов,

Жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир туман судининг бошлиғи.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги