Кимё саноати: ўзбек мутахассислари Миср тажрибасини ўрганмоқда

143

Сўнгги йилларда кимё саноатида доимий ривожланиш ва янги ғояларни амалиётга жорий этиш бутун дунё иқтисодиёти учун жуда муҳим йўналишга айланди, чунки бу соҳадаги янгиликлар турли тармоқларда самарадорликни оширади ва иқтисодий ўсишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, бундай мақсадларга эришишда давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва қўшма лойиҳалар ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Ўзбекистон ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этиб, кимё саноатидаги халқаро шерикликларни кенгайтирмоқда. Янги лойиҳалар туфайли мамлакат илғор технологиялар ва замонавий тажрибаларни жорий этишда изчил қадамлар ташламоқда.

“Ўзкимёсаноатлойиҳа” АЖ мутахассислари учун Мисрга ташкил этилган хизмат сафари ҳам айнан шу эзгу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбек мутахассислари “Polyserve Group” компанияси билан аммофос ишлаб чиқариш заводи лойиҳаси доирасида ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда.

Ташриф доирасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, техник мувофиқлаштириш жараёнларини кучайтириш ва тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, кимё саноатида замонавий ечимларни жорий этиш бўйича қатор амалий қадамлар белгиланган.

“Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизматининг таъкидлашича, мазкур ташриф ва қўшма саъй-ҳаракатлар натижасида кимё соҳасидаги янги ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйиш, инновацияларни рағбатлантириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА