Янги ҳамкорлик ва инвестиция имкониятлари

141

Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий ва инвестиция форумида икки мамлакатдан 800 дан ортиқ давлат ва хусусий сектор вакиллари қатнашди. Форум доирасида рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Тадбирда IT Park Uzbekistan делегацияси ҳам иштирок этиб, мамлакатнинг глобал IT-хаб сифатидаги ўрни ва келгусидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Форумда IT Park Uzbekistan бош директори Абдулаҳад Қўчқоров бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди. Улар мамлакатнинг глобал IT-хаб сифатидаги ўрни тобора юксалиб бораётганини таъкидлади.

Музокаралар давомида IT ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Расмий қисм билан бир вақтда B2B ва G2B учрашувлари ўтказилиб, тадбиркорларга бевосита алоқалар ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш имконияти яратилди.

Хитойлик ҳамкорлар билан шериклик IT Park Uzbekistan учун янги инвестицияларни жалб этиш, қўшма таълим ташаббусларини йўлга қўйиш ва халқаро ҳамкорлар тармоғини кенгайтириш каби имкониятларни тақдим этади. Бу эса мамлакатнинг технологик экотизимини ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг жаҳон IT бозоридаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА