Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик юқори босқичга кўтарилмоқда

2 сентябрь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги барча шароитларда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Хитой етакчиси ва дўст Хитой халқини Ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзинь шаҳридаги саммити муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Ўзбекистон Президенти ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг глобал бошқарув бўйича ташаббуси ўз вақтида илгари сурилгани ва долзарб аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидлади.
Давлат раҳбарлари ўтган йиллар давомида икки томонлама муносабатлар ривожида катта ютуқларга эришилганини таъкидладилар. Барча даражалардаги алоқалар суръати ошиб бораётгани, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, муҳим масалалар юзасидан томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
“Ягона Хитой” сиёсатини қўллаб-қувватлаш ҳамда “уч ёвуз куч” – терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш масалаларида Ўзбекистоннинг позицияси ўзгармас экани тасдиқланди.
Савдо-иқтисодий, технологик ва молиявий-инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Ўтган йили товар айирбошлаш 14 миллиард доллардан ошди, йил бошидан эса яна 23 фоизга ўсди. Саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш орқали бу кўрсаткични 20 миллиардга етказиш вазифаси турибди.
Инвестиция лойиҳалари портфели 60 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда. 2024 йилда умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ 64 та лойиҳа ишга туширилган. Мамлакатимиз ҳудудларида қўшма технопарклар ва махсус индустриал зоналар фаолият юритмоқда, “BYD” электромобилларини ишлаб чиқариш кенгайтирилмоқда ва маҳаллийлаштириш даражаси оширилмоқда.
Ташриф арафасида бизнес-форум муваффақиятли ўтказилди. “Яшил” энергетика ва энергия самарадорлигини ошириш, жамоат транспортини модернизация қилиш ва рақамлаштириш, пуллик автомобиль йўлларини барпо этиш, муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш, шунингдек, кимё, сув ва қишлоқ хўжалиги, туризм ва шаҳарсозлик соҳаларида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Эксимбанк, Хитой давлат тараққиёт банки, “Ипак йўли” жамғармаси ва бошқа институтлар билан кенг кўламли шериклик кенгаймоқда. Эксимбанк кўмагида яқинда Тошкентда Олимпия шаҳарчаси қуриб битказилди.
Ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашгани юқори баҳоланди. Хитой тажрибаси асосида мамлакатимизда камбағалликка барҳам беришга қаратилган қўшма тадбирларни амалга оширишда экспертлик кўмаги давом эттирилади.
Инновацион лойиҳаларни илгари суриш ва мутахассислар тайёрлаш учун Ўзбекистон – Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” стратегик темир йўли қурилишининг амалий босқичи бошлангани мамнуният билан қайд этилди.
Илм-фан, тиббиёт, таълим ва туризм соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Мамлакатимизда Шимоли-ғарбий қишлоқ ва ўрмон университетининг филиали ҳамда Халқаро математика маркази очилди. Сиань нефть университети филиалини очиш тўғрисида битим имзоланди. Пекин технология институти филиалини очиш режалаштирилган.
Жорий йилда Ўзбекистонда иккинчи Таълим форуми ўтказилади. Хитой тилини ўрганишни кенгайтириш ва ўзбекистонлик ёшларни ўқитиш учун квоталарни кўпайтириш, Конфуций институтлари фаолиятини ривожлантириш қўллаб-қувватланди.
Мамлакатимиз ҳудудларида энергетика, машинасозлик, сунъий интеллект, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги соҳалари учун мутахассислар тайёрлайдиган Ўзбекистон – Хитой “Лу Бань устахоналари”ни ташкил этиш кўзда тутилган.
Сайёҳлар алмашинуви ўсиши учун шароит яратиш мақсадида авиақатновлар сони оширилмоқда, икки мамлакат ўртасида визасиз тартиб жорий этилди.
Шу кунларда Хитой Миллий музейидаги катта кўргазмада Ўзбекистон ҳам қатнашмоқда. 2027 йилда Шанхай ва Пекинда санъат кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилган.
Ташриф доирасида Ўзаро маданият марказларини очиш тўғрисида тарихий битим қабул қилинади.
Учрашувда халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ, “Марказий Осиё – Хитой” формати ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги мувофиқлашув ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон етакчиси Хитой раҳбарини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди. Учрашув ҳар доимгидек ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтган музокаралари якунида имзоланган икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлди. Шу жумладан:
– “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва “Бир макон, бир йўл” ташаббусини ўзаро боғлаш бўйича ҳамкорлик дастури;
– Маданият марказларини ўзаро таъсис этиш тўғрисида битим;
– Тиббий хизматлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим.
Бундан ташқари, ташриф доирасида қуйидаги келишувлар ҳам имзоланди:
– Ўзбекистонга земснарядлар (техник кема) бериш лойиҳасининг иккинчи босқичини лойиҳалаштириш бўйича;
– техник-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида;
– мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида;
– Ўзбекистондан Хитойга қовун ва бодом экспорт қилишда фитосанитария талаблари тўғрисида;
– космик фанлар, технологиялар ва космик фаолият натижаларидан тинчлик мақсадларида фойдаланишда ҳамкорлик қилиш тўғрисида;
– рақобат сиёсати соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида;
– инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича;
– рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича;
– Самарқанд вилояти ва Тяньцзинь шаҳри ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида;
– Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Хитой Халқаро савдога кўмаклашиш кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида.
Пекин шаҳрига расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан учрашуви бўлиб ўтди.
Кўп қиррали амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари ХХР Давлат кенгаши Бош вазири ва бутун Хитой халқини буюк Ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзинь саммити муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон – Хитой муносабатлари янги даврда барча шароитларда стратегик шериклик ва кўп қиррали “етук” ҳамкорлик даражасига кўтарилгани таъкидланди.
Ўтган йили товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етди ва барқарор ўсишда давом этмоқда. Бу кўрсаткични маҳсулот етказиб беришни кўпайтириш, экспорт ва импорт мутаносиблигини таъминлаш орқали 20 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди.
Шу мақсадда Ўзбекистонда стандартларни уйғунлаштириш ва маҳсулотларни Хитой талаблари асосида сертификациялаш учун қўшма Квант метрология маркази ва Минтақавий саноат стандартлаштириш марказини очиш таклиф қилинди.
Қўшма лойиҳалар портфели 60 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.
Бу галги ташрифга тайёргарлик доирасида “яшил” энергетика, геология, кимё, ноёб металларни чуқур қайта ишлаш, кўмир кимёси, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва рақамлаштириш, қишлоқ ва сув хўжалиги, уруғчилик, агровольтаика соҳаларида янги лойиҳа таклифлари шакллантирилди.
Илмий тадқиқотлар ва истиқболли стартапларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистон – Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Камбағалликка қарши курашиш бўйича махсус қуйи қўмита йиғилиши ва жорий йилда Ўзбекистонда ўтказилаётган иккинчи Ҳудудлар форуми якунларига юқори баҳо берилди.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” стратегик темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича Ўзбекистон пудрат ташкилотларини жалб этган ҳолда амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бу галги ташриф доирасида Маданият марказларини ўзаро очиш тўғрисида битим имзолангани мамнуният билан қайд этилди.
Чунцин шаҳрида илк бор Касб-ҳунар таълими форуми ўтказилди, ушбу йўналишда “Ўзбекистон – Хитой альянси” тузилди. Ўзбекистон ҳудудларида “Лу Бань устахоналари” очилади.
Тошкент ва Самарқанддаги Конфуций институтлари самарали фаолият юритаётгани таъкидланди.
Томонлар авиақатновлар сонини янада кўпайтириш ва сайёҳлар алмашинувини фаоллаштириш муҳимлигини қайд этдилар.
Якунда Президентимиз ХХР Давлат кенгаши Бош вазирини расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
Давлатимиз раҳбари Хитойга расмий ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда “China Gold”, “China Coal Resources”, “China Datang Corporation”, “Tianjin Rail Transit Group”, “Poly Changda”, “Tianjin Urban Construction”, “Jinchuan Group”, “China Synfuels”, “Jinchuan”, “ST Wonderful”, “Mizuda”, “World Agriculture”, “Dongzhu Ecology” ва бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Президентимиз Хитой бизнесининг Ўзбекистонга қизиқиши ҳар доимгидек юқори эканини мамнуният билан қайд этди. Ўтган йилнинг ўзида инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди.
Учрашувда энергетика, геология, қишлоқ ва сув хўжалиги, кимё, заргарлик саноати, жамоат транспортини модернизация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш ва туризм соҳаларида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Хитойга расмий ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида “China National Building Materials” (CNBM) компанияси директорлар кенгаши раиси Чжоу Юйсянни қабул қилди.
Хитойнинг CNBM компанияси қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш, муҳандислик-техник ечимларни тақдим этиш бўйича энг йирик конгломератлардан бири сифатида дунё компанияларининг ТОП-500 талигига киради.
Учрашувда компания томонидан насос станцияларини модернизация қилиш, шамол ва қуёш электр станциялари, энергияни сақлаш тизимларини қуриш, муқобил энергетика объектлари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш каби истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалари кўриб чиқилди. Хитой компаниясининг юртимиз саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш бўйича дастурда иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилди.
Эришилган келишувларни жадаллаштириш ва амалга ошириш учун алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилиш топширилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари “China National Petroleum Corporation” (CNPC) компанияси директорлар кенгаши раиси Дай Хоулянни қабул қилди.
Хитой миллий нефть-газ корпорацияси углеводород хомашёсини қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича юқори технологик лойиҳаларни мамлакат ичида ва ташқи бозорларда амалга оширишга ихтисослашган дунёнинг энг йирик энергетика компанияларидан биридир. Компаниянинг бозор капиталлашуви 200 миллиард доллардан зиёд.
Учрашувда CNPCнинг мамлакатимизга киритган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 5 миллиард доллардан ошгани таъкидланди.
Хитой компанияси билан инвестициявий ҳамкорлик портфелини кенгайтириш ва ерости табиий газ сақлаш иншоотларини қуриш, инфратузилмани модернизация қилиш, замонавий метрологик стандартлар ҳамда инновацион ечимларни жорий қилиш лойиҳаларини илгари суриш режалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Пекин шаҳрига ташрифи доирасидаги ишбилармонлик учрашувларининг навбатдагиси “China National Nuclear Corporation” (CNNC) раиси Шэн Янфень билан бўлди.
Хитой миллий ядро корпорацияси фуқаролик ядро дастурлари соҳасидаги энг йирик давлат корхонасидир. Компания уранни қидириш ва бойитишдан тортиб, Хитой ва хорижда атом электр станцияларини қуришгача бўлган лойиҳаларнинг тўлиқ занжирини амалга оширади.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари “CNNC” раиси ва жамоасини Хитой атом саноатининг 70 йиллиги билан қутлади.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хитой компаниясининг замонавий технологиялар трансфери ва уран конларини ўзлаштиришдаги иштироки, истиқболли майдонларда геология-қидирув ишларини олиб бориш, шунингдек, тинч атом соҳасида кооперацияни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хитойга расмий ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Henan Investment Group” компанияси бош директори Чжу Хунбин билан учрашув ўтказди.
Хитойнинг энергетика ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасидаги етакчи компанияларидан бири бўлган “Henan Investment” қурилиш, саноат, энергетика, экология ва соғлиқни сақлаш соҳаларида лойиҳаларни амалга оширмоқда. Компания активлари 50 миллиард доллардан зиёд.
Ўзбекистонда кўмир конларини ўзлаштиришда илғор технологик ечимларни жорий қилиш, замонавий электр станциялари, энергия сақлаш тизимларини лойиҳалаштириш ва қуриш, биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш, чиқиндиларни қайта ишлаб, тоза энергия ишлаб чиқариш бўйича кооперация лойиҳаларининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Хитой компанияси иштирокидаги лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш учун алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилиш бўйича топшириқ берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифи давом этмоқда.
ЎзА