Глобал муаммолар ечимига оид ташаббуслар нафақат Ўзбекистон, балки ШҲТ аъзолари манфаатига хизмат қилади

114

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг бу галги саммити ташкилот аъзолари ва ҳамкорлари ўртасида ўзаро муносабатларнинг узоқ истиқболга мўлжалланган стратегик йўналишларини белгилаган майдонга айланди.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:

– Бугун дунё ҳамжамияти ўртасида ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни кенгайтириш, узоқ истиқболли дастурларни ишлаб чиқиш, Ғарб ва Шарқ ўртасидаги транзитни кенгайтириш, интеграциялашув жараёнларини ривожлантириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим бир паллада турибди.

Сабаби, халқаро ҳамкорликнинг анъанавий тизими издан чиқиб, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурмат таназзулга юз тутмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, ишончнинг тизимли инқирози, можароларнинг кенгайиб бораётгани, кўп томонлама институтларнинг заифлашиши ва жаҳон савдо тизимининг парчаланиши халқаро хавфсизлик ва барқарорлик архитектураси асосларига путур етказмоқда.

Бу эса, турли геосиёсий қарама-қаршиликлар ва қуролли можароларни юзага келтириб, жаҳон иқтисодиётига, савдо ва инвестициялар айланмасига, озиқ-овқат ва энергетика таъминотига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Бундай шароитда ўзаро конструктив ҳамкорлик олиб бориш, тенг ва манфаатли ташқи сиёсатни таъминлаш ҳамда экологик муаммоларни биргаликда бартараф этишнинг кенг масштабли қоидаларини амалиётга жорий қилишнинг долзарблиги тобора ортиб бормоқда.

ШҲТ йилдан-йилга шу каби муаммоларни ҳал қилишнинг самарали ечимини топадиган, минтақа ва жаҳон ҳамжамияти тараққиёти учун умумманфаатли дастурлар ишлаб чиқадиган майдонга айланиб бормоқда. Иқтисодий, интеллектуал, табиий ресурс ва технологик йўналишларда улкан салоҳият ва имкониятларга эга бўлган бу ташкилот аъзолари бугунги кунда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб чорак қисмини яратмоқда.

Шунингдек, ушбу ташкилотнинг фаолият дастури аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий манфаатлар, қадрият ва анъаналарини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган бўлиб, бир-бирини ўзаро тушуниш ва бирдамлик ШҲТнинг халқаро майдонда тутган ўрни ва таъсири изчил кенгайиб боришига хизмат қилмоқда.

Айниқса, ШҲТ аъзолари турли маданий, цивилизацион қарашлар, ўзига хос ташқи иқтисодий-сиёсий йўналишлар ҳамда турли миллий тараққиёт моделларига эга бўлишига қарамай, умумий манфаат ва умумий мақсад аъзо давлат раҳбарларини бир даврада қайта-қайта юзлаштирмоқда.

Бу учрашувлар ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқли мулоқот ва шериклик асосида ташкил этиб борилгани сабабли, ШҲТни жаҳонда замонамизнинг энг мураккаб муаммоларига биргаликда жавоб топадиган майдонга айлантирди.

Бу галги ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг саммитига Хитой Халқ Республикаси мезбонлик қилди. Геоиқтисодий ва минтақавий муаммоларнинг ечимини топишга қаратилган ушбу саммитда минтақа давлатлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, иқтисодий-ижтимоий муаммоларни биргаликда бартараф этиш ҳамда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари ШҲТнинг улкан имкониятларидан келиб чиқиб, ташкилотнинг сиёсий асосларини мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бир нечта муҳим ташаббус ва таклифларни илгари сурди.

Жумладан, юртбошимиз ШҲТ институтлари самарадорлигини ошириш ва уни Глобал Жануб давлатлари ҳисобига кенгайтириш, Ядро хавфсизлиги бўйича декларация қабул қилиш, «ШҲТ-Афғонистон» мулоқот гуруҳи фаолиятини фаоллаштириш, Савдони соддалаштириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги битимни имзолаш, Венчур компаниялар ва жамғармалар тармоғи ҳамда Махсус электрон инвестиция порталини ташкил этиш, Шимол – Жануб ва Шарқ – Ғарб йўналишларида транспорт-транзит йўлакларини ривожлантириш, «ШҲТ ягона транспорт макони»ни шакллантириш ва уни «Бир макон, бир йўл» ташаббуси билан уйғунлаштириш ҳамда Иқлим ўзгаришига мослашиш, декарбонизация ва экологик хавф-хатарларни башорат қилиш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этишга қаратилган ШҲТ минтақавий платформасини ишга тушириш каби долзарб масалалар ечимига қаратилган ташаббусларни илгари сурди.

Албатта, Президентимиз  томонидан илгари сурилган бу ташаббуслар мамлакатимизни нафақат ички сиёсатда, балки халқаро муносабатларда ҳам илғор ва долзарб ташаббусларни олға сурадиган давлат эканини кўрсатиб, Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро майдондаги фаол ва стратегик ҳамкор эканини яна бир бор намоён қилди.

Шунингдек, минтақавий ва глобал муаммолар ечимига йўналтирилган, кўп қиррали ташаббуслар нафақат Ўзбекистон, балки барча ШҲТ аъзолари манфаатига бирдек хизмат қилади. Мухтасар айтганда, умумий манфаатлар йўлида илгари сурилган бу ташаббуслар ШҲТнинг келгусидаги фаолиятини кенгайтириш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, минтақа аҳолиси ҳаётининг фаровонлигини барқарорлаштиришга замин яратади.

Н.Абдураимова, ЎзА