Ўзбекистон ва Молдова автомобиль транспортида юк ташувларини ривожлантириш бўйича келишувга эришди

114

Кишинёв шаҳрида Ўзбекистон-Молдова қўшма комиссиясининг автомобиль ташувлари масалаларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги делегацияси Молдова транспорт ва йўл инфратузилма вазирлиги вакиллари билан халқаро автомобиль транспортида юк ташувларини ривожлантириш, миллий ташувчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш масалаларини муҳокама қилди.

Йиғилиш якунида автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари бўйича амалдаги келишувларга ўзгартириш киритиш бўйича баённома имзоланди. Унга мувофиқ, 2026 йил бошидан Ўзбекистон ва Молдова ўртасидаги икки томонлама ҳамда транзит юк ташувлари рухсатномасиз амалга оширилиши белгиланди.

Мазкур келишув Ўзбекистон ташувчилари учун Европа йўналишида қўшимча имкониятлар яратиб, ташқи иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда экспорт занжирининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ҳамроз Баянов, ЎзА