Қиш мавсумига пухта тайёргарликлар кўрилмоқда

180

Газ таъминоти соҳаси мутахассисларининг асосий вазифаси ҳар қандай шароитда истеъмолчиларни доимий равишда табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлашдан иборат.

Шу боис соҳа мутахассислари томонидан айни пайтда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, истеъмолчиларга ўз вақтида табиий ва суюлтирилган газ етказиб беришда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш бўйича белгиланган иш-режа асосида ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, бугунги кунда республикамизнинг энг чекка чегарадош ҳудудларидан саналган Тахтакўпир туманидаги олис қишлоқларда яшовчи истеъмолчиларни суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлашга ҳам эътибор қаратилиб, Мулк, Қўштруба, Янгидарё, Қораўй, Қоратеран, Давқара, Белтов, А.Адилов, Қўнғироткўл ва Атакўл қишлоқ фуқаролар йиғинларида яшовчи 1 минг 700 дан ортиқ хонадонларни ўз вақтида тўсиқсиз газ баллонлари билан таъминлаб келинмоқда.

Газ таъминоти асосан Чимбой туманида жойлашган «Чимбой газ тўлдириш шохобчаси» орқали махсус автотранспортларда ташиб етказиб берилади.

Навбатдаги график бўйича газ баллонлари билан таъминлаш ишлари туман марказидан 160 км узоқликда жойлашган Қоструба қишлоғи бўлди.

– Ҳар қандай қийин шароитда ҳам йўл машаққатига қарамасдан қишлоқда яшовчи 28 та хонадонга газ баллонлари ҳар 30-35 кун оралиғида мунтазам равишда етказиб берилмоқда, – дейди Тахтакўпир тумани газ таъминоти бўлими етакчи мутахассиси Ержан Адилов.

Дарҳақиқат, «қиш ғамини ёзда е» деганларидек, айни кунларда бутун республикамиз бўйлаб куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бу эса, халқимизнинг қишдан ҳеч қандай хавотирсиз, эсон-омон ўтишига асос бўлиб хизмат қилади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси