Сифатли таълим – шиддатли тараққиётнинг асосий омили

Барчамиз бола бўлганмиз. Ҳарф таниб, илк марта уларни ёзишни, митти бармоқларимизни букиб санашни кўпларимиз ҳали мактабга бормасдан ўрганиб олганмиз. Лекин шундай бўлса-да, меҳрибон устозларимиз, жонажон мактаб, қадрдон синфхоналарни соғинаверамиз. Сабаби, беғубор орзуларимиз, болаликнинг покиза дамлари айнан мактаб билан боғлиқ.
Фарзандларини билимли, оқил, маърифатли инсон этиб камолга етказиш халқимиз миллий менталитетининг ажралмас қисмидир. Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантиришга юртимизни тараққий эттиришнинг муҳим шарти сифатида тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бугунги дориломон кунларни кўриш орзусида яшаган, ёниб умр кечирган жадид боболаримиз ҳам айнан Ватан истиқболини таълим-тарбия, мактабда кўрганлар. Шу боис, Президентимиз Шавкат Мирзиёев янги Ўзбекистоннинг тараққиёт пойдеворини айнан таълим соҳасини тубдан ислоҳ этиш билан боғламоқда.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган тантаналарда сифатли таълим-тарбия, аҳолимиз саломатлиги келгуси тараққиётимизни ҳал қиладиган энг муҳим масала эканини алоҳида эътироф этди.
Таълимга бўлган эътибор бу йил мамлакатимиз умумтаълим мактабларида янги ўқув йилининг бетакрор, кўтаринки ва байрамона руҳда бошланганида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига табриги “Билимлар куни”ни ўзгача маърифат байрамига айлантириб юборди.
Бу йилги янги ўқув йилига бағишланган тадбирлар “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган улуғвор шиор остида ўтаяпти. Илк сабоқ – “Келажак соати” дарсларида мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари, Мустақиллик, миллий ўзликни англаш, истиқлол йилларида қўлга киритилган ютуқлар, ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида батафсил маълумот берилмоқда. Мактабнинг мўътабар остонасига илк марта қадам қўйган 1-синф ўқувчилари “Президент совғалари”дан ғоят мамнун.

Мамлакатимизда кенг жамоатчилик, устоз ва педагоглар, ота-оналарнинг фикр ва ташаббусларига таянган ҳолда таълимдаги ислоҳотларни янгича мазмун билан бойитишга катта аҳамият қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиб, уларда ёш авлодга халқаро стандарт ва талабларга мос тарзда билим берилмоқда. Ушбу мактаблардаги илғор иш тажрибасини мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблари бўйлаб оммалаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилдан бошлаб юртимизда “Президент иқтидорли фарзандлари” маърифий лойиҳаси кенг қулоч ёзди. Бу эса истеъдодли ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий-маърифий салоҳиятини тобора оширишда янги имкониятларни очмоқда.
Янги ўқув йилидан бошлаб барча туманларда “Жасорат мактаблари” фаолияти кенг йўлга қўйилгани навқирон авлодни ватанпарварлик, юртга садоқат, фидойилик руҳида тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Зеро, эгалланган билимлар Ватан тараққиёти, унинг фарвонлиги, миллатнинг маърифати ва маъмурлиги учун хизмат қилсагина қадрли.
Таълимдаги ислоҳотлар жараёнида ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликлар, мажбурий меҳнат, ўз фаолиятига тааллуқли бўлмаган ишлардан озод этиш борасида мисли кўрилмаган қадамлар ташланди. Педагогларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг янги механизмлари, улкан имкониятлари ишга солинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, янги турдаги мактабгача таълим ташкилотларининг тизимга кириб келиши натижасида давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 38 мингтага етиб, қарийб 8 баробарга ошди (2017 йилда 5 200 тани ташкил этган).
Замонавий лойиҳалар асосида янгидан 556 та боғча ташкил этилди, мавжуд 3,1 мингтаси реконструкция қилиниб, 562 мингта янги қувватлар яратилди.
“Илк қадам” дастурининг қабул қилиниши ва янги бола ўринлари яратилиши натижасида 3-7 ёшли болаларнинг қамров даражаси 77 фоизга (2017 йилда 27 фоизни ташкил этган) 6 ёшлилар қамрови 96 фоизга етказилди. Айни дамда республикамиз бўйлаб 10 минг 193 та мактаблар мавжуд, уларда 6 миллион 754 минг 813 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда.
Мамлакатимизда таълимга қаратилаётган эътибор натижасида педагог-ходимлар томонидан юритиладиган ҳужжатлар камайтирилди.
Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш ўртача балл кўрсаткичи охирги беш йилда 69,8 баллдан 80.9 баллга ошди.
14 та Президент мактаби (100 фоизи) SAT халқаро сертификати имтиҳонларини ўтказадиган расмий марказлар сифатида тан олинди.
Мактаб директори лавозимига тайинлаш тизими такомиллаштирилиб, уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби жорий этилди.
Халқаро фан олимпиадаларида 2024-2025 ўқув йилида 38 та олтин, 74 та кумуш, 86 та бронза жами 198 та медаль қўлга киритилди.
Тил билиш бўйича халқаро сертификатга эга хорижий тил ўқитувчилари сони 33 минг 797 нафарга (67 фоиз) етди. Шунингдек, педагоглар малакасини ошириш мақсадида хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик олиб борилмоқда. Жумладан, Британия кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Англиянинг NILE (Норвич тил таълими институти) институти, Француз тили йўналишида Франция элчихонаси ва Француз Альянси ташлкилоти, немис тили йўналишида Гёте институтининг Тошкент филиали билан ҳамкорлик қилинмоқда. Ушбу хорижий ташкилотлар экспертлари ва маҳаллий мутахассислар ҳамкорликда ушбу Касбий ривожланиш куни ва Касбий ривожланиш соати тадбирларининг ўқув режа ва дастур (контент) материалларини ишлаб чиқдилар.
2024 йил 1 январдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаси директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тизими жорий қилинди.
Республикада илк бор 950 та мактабда инклюзив таълим жорий этилди. 2145 нафар имконияти чекланган бола қамраб олиниб, соғлом ўқувчилар билан таълим олиш имконияти яратилди.
Президент мактаблари CIS (Council of International Schools) Халқаро мактаблар кенгаши ташкилоти талабларига мослаштирилди.
2025 йилда жами 440 та мактабда ва 226 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Натижада мактабларга қўшимча 115 дан ортиқ янги ўринлар яратилади, мавжуд 100 мингдан ортиқ ўринлар замонавий қиёфага келтирилади.
Дарҳақиқат, юртимизда таълимга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бундай эътибор эса эртага эмас, бугуннинг ўзиданоқ ўзининг юксак натижаларини намоён этмоқда.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири