Қораўзаклик ўқувчиларга ҳам Президент совғалари топширилди

112

Қораўзак тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим мактабларида 2 сентябрь – Билимлар куни муносабати билан янги 2025-2026-ўқув йилининг дастлабки қўнғироғи чалинди.

Шундай байрам кечаси тумандаги 5-сонли мактабда ўтказилиб, тадбирда туман ҳокими Анвар Баймуратов, таълим соҳаси мутасаддилари, нуронийлар ва мактаб ўқувчилари ҳамда ота-оналар иштирок этди.

Байрам кечаси Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг Давлат мадҳиялари билан бошланди.

Тадбирда туман ҳокими ва бошқалар сўзга чиқиб, иштирокчиларни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги ва янги ўқув йилининг бошланиши билан табриклаб, биринчи синфга қабул қилинаётган болаларга 12 номдаги Президент совғаларини тантанали равишда топширди.

Шундан сўнг туман ҳокими Анвар Баймуратов 1-синф ўқувчиларига мустақиллигимизнинг самаралари ҳақида тушунча бериб, «Келажак дарси»ни ўтди.

Шунингдек, туман ҳокими мактаб битирувчи ёшлар билан ҳам кенг мулоқот қилди ва уларга ўзининг ҳаётий тажрибалари ҳақида сўзлаб, келажакдаги режалари билан танишди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги