Маҳаллаларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда

134

Маҳалла – халқ билан давлат ўртасида ишонч кўприги бўлиб хизмат қиладиган, инсонни жамиятнинг бир қисми бўлишга ўргатадиган, уни бағрикенглик ва халқчиллик руҳида тарбиялайдиган тарбия бешигидир. Ана шундай юксак қадриятлар маскани бўлган маҳаллаларга эътибор давлатимиз раҳбари томонидан кун тартибига қўйилган. Шарқона маданиятни ўзида мужассам этган маҳаллаларимиз нуфузини ошириш, маҳалла орқали юртимиз равнақи учун хизмат қилиш бурчимиздир.

Президентимиз ўз нутқида «Биз фаолиятимизнинг биринчи кунлариданоқ ҳамма ишни маҳаллада, халқимиз билан биргаликда ташкил этиб келяпмиз. Бу тизимни босқичма-босқич ривожлантирдик. Энди яна қўшимча куч, имкониятлар берилмоқда. Бу ҳам ваколат, ҳам масъулият дегани. Маҳаллалар – давлатимизнинг энг катта замини,» деб таъкидлаганлари ҳам бежиз эмас. Чунки маҳаллалар том маънода аҳолининг дардини енгиллаштирувчи, уларнинг ишончини қозонувчи маскандир.

2023 йил 26 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш, маҳалла «еттилиги» фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ўтказилган йиғилишда қатор вазифалар белгиланган эди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш учун маҳалла бошқаруви тизимини такомиллаштириш ва маҳалла «еттилиги» фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, маҳалла ободлигини таъминлаш, «Обод маҳалла,» «Обод кўча,» «Обод хонадон» мезонларини жорий этишда аҳолининг аҳолининг фаол иштироки ва масъулиятини ошириш чораларини кўриш, маҳаллалардаги муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал этишда қатор вазифалар қаторида маҳаллаларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш, уларга ажратиладиган маблағларни марказлашган тарзда тақсимлаш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, маҳалла мутасаддиларининг малакасини ошириш, уларда замонавий бошқарув кўникмалари шаклланишига кўмаклашиш вазифалари белгилаб берилганлиги қайд этилган эди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жойларда маҳаллаларнинг моддий базаси мустаҳкамланиб, ходимларга қулай шароитлар яратилмоқда.

Шулар қаторида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Мўйноқ туманидаги МФЙ ва ҚФЙ раҳбарларига маҳалла бюджети ҳисобидан замонавий компьютерлар берилди.

Тадбирда Мўйноқ тумани ҳокими Бахтиёр Менглибеков иштирок этиб, мамлакатимизда Президентимиз томонидан маҳалла институтлари ишини мустаҳкамлаш, аҳолининг фаровон турмуш кечириши учун яратилаётган имкониятларни таъкидлаб ўтди ҳамда тумандаги МФЙ ва ОФЙ раҳбарларига замонавий компьютерларни топширди.


– Ушбу ташаббус маҳаллаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳудудларда замонавий бошқарув тизимини шакллантириш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз, – дейди Маҳаллалар уюшмаси Мўйноқ тумани бўлими бошлиғи Султонбек Расбергенов.

Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги