Янги ўқув йили кўтаринки руҳда бошланди

135

Элликқалъа туманида 2025–2026-ўқув йилининг бошланиши муносабати билан барча 76 та умумтаълим муассасасида «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» шиори остида «Биринчи қўнғироқ» тадбирлари юқори савияда ташкил этилди.

Элликқалъа тумани ҳокими В.Ниязимбетов тумандаги 22-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда иштирок этди ва ўқувчиларни ҳамда уларнинг ота-оналарини янги ўқув йили билан самимий табриклади. У ўз чиқишида сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларнинг замонавий ва чуқур билим олиши учун яратилаётган шароитлар ҳақида тўхталиб ўтди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Биринчи синфга қадам қўйган болажонларга анъанавий тарзда “Президент совғаси” топширилди.

Шунингдек, туман раҳбари “Келажак соати” дарсларида ҳам қатнашиб, ўқувчи ёшлар билан очиқ мулоқот олиб борди, уларнинг фикр ва таклифларини тинглади.

Маълумот ўрнида, туманда умумий 76 та таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Улардан 74 таси умумтаълим мактаби, 1 таси ихтисослаштирилган мактаб ҳамда 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби ҳисобланади. Мазкур мактабларда таълим 5 та тилда — ўзбек, қарақалпоқ, қозоқ, туркман ва рус тилларида олиб борилади.

2025–2026-ўқув йилида тумандаги умумий ўқувчилар сони 34 550 нафарни ташкил этиб, шундан 3 555 нафар бола биринчи синфга қабул қилинди.

Янги ўқув йилининг шундай кўтаринки руҳда бошланиши — таълимга бўлган эътибор, фарзандларимизнинг келажаги учун яратилаётган имкониятларнинг яна бир амалий ифодаси сифатида хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги