Шакар муҳим озуқавий маҳсулот, аммо…

140

Шакар инсон ҳаётида муҳим озиқ-овқат маҳсулоти сирасига киради. У нафақат таъм ва энергия манбаи бўлиб хизмат қилади, балки мия фаолиятини рағбатлантиришда ҳам ёрдам беради. Шу билан бирга, шакар организмга тез энергия беради, бу эса жисмоний ва руҳий фаолият учун муҳим. Бироқ, ортиқча шакар истеъмоли юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, вазн ортиши ва бошқа соғлиқ билан боғлиқ муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун шакар истеъмолини меъёрида сақлаш, соғлом ҳаёт тарзининг ажралмас қисмидир.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2025 йилнинг январь-июнь ойларида 165,5 минг тонна шакар ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич ўтган йилларнинг мос даври билан таққослаганда сезиларли камайишни кўрсатади. Чунки охирги йилларда шакар ишлаб чиқаришда ўсиш эмас, маълум қадар пасайиш кузатилган. 2023 йил ҳисобида 332,6 минг тонна, 2024 йилда 227,8 минг тонна шакар ишлаб чиқарилган эди.

Шакар ишлаб чиқариш ҳажмидаги пасайиш, бир қатор иқтисодий ва иқлим шароитларига боғлиқ бўлиши мумкин. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзгаришлар, шакарқамиш ва шакар лавлаги ҳосилининг камайиши ҳам бунга таъсир кўрсатиш эҳтимоли юқори. Шу билан бирга, истеъмолчилар орасида соғлом овқатланишга бўлган қизиқиш ортиб бораётгани ҳам шакар истеъмолининг камайишига сабаб дейиш мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, шакар биз истеъмол қиладиган аксарият озуқаларда мавжуд. Шунингдек, ҳозирда севиб истеъмол қилинадиган турли қандолат маҳсулотлари ва газли ичимликлар таркибида катта миқдорда шакар бўлади. Ҳозирги кунда кўпчиликда асосан нотўғри овқатланиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмоқда. Аксарият соғлом турмуш тарзига амал қиладиган инсонлар шакарни овқатланиш рационидан маълум қадар камайтираяпти ёки умуман чиқариб ташламоқда.

Лекин ҳамма ҳам бу маҳсулотдан тўлиқ воз кечолмайди. Чунки шакар қандолатчилик, ичимлик ва турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги энг керакли қўшимча ҳисобланади. Албатта, ҳар бир инсон шакар истеъмолида балансни йўлга қўёлса, ушбу маҳсулот соғлиқ учун катта муаммолар келтириб чиқармайди.

Шакар ишлаб чиқариш нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда ҳам етакчи бизнес ҳисобланади. Аҳолининг шакарга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, сифат ва нархни барқарорлаштириш мақсадида ушбу соҳада янги технологиялар жорий этиш ва ишлаб чиқаришда рақобатбардош компаниялар фаолият юритиши муҳим аҳамият касб этади.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА