Ўзбекистон – Япония: Ҳамкорлик самараси яққол намоён

138

Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан “The Japan Times” газетасида Япониядаги Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмоновнинг “Яхши қўшничилик сиёсати натижа бермоқда” сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

Мақолада мамлакатимизнинг мустақиллик давридаги ютуқлари, минтақавий ҳамкорлик, иқтисодий тараққиёт, шунингдек Ўзбекистон – Япония муносабатининг бугуни ва келажак истиқболи ёритиб берилган.

– 2024 йил фаол делегациялар алмашинуви билан эсда қолди, – деб ёзади дипломат. – Япониянинг Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) ва бошқа йирик ташкилотлари раҳбарлари мамлакатимизга ташриф буюрди. Ўз навбатида, Ўзбекистондан парламент ва ҳукумат вакиллари кун чиқар юртга борди. Минтақалараро Тошкент– Нагоя, Самарқанд – Нара, Самарқанд –Гифу, Наманган – Дадзайфу, Риштон –Маидзуру алоқалари кенгаймоқда. Жорий йил Самарқанд вилояти делегациясининг Нара шаҳрига илк расмий ташрифи доирасида бизнес-форум ва турли маданий тадбирлар ўтказилди. Осака шаҳрида бўлиб ўтаётган EXPO-2025 жаҳон кўргазмаси доирасида республикамиз томонидан “Билимлар боғи: келажак жамияти учун тажриба лабораторияси” номли миллий павильон тақдим этилган. Миллий меъморчилик унсурлари ва япон анъанасини уйғунлаштирган мазкур миллий айвонимиз нуфузли “Red Dot Award: Brands & Communication Design” танловида “Red Dot: Best of the Best” мукофоти билан тақдирланганидан фахрланамиз. Анжуман доирасида 18 май куни Миллий симфоник оркестр ва Рихтер триоси иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди, 17 августда “Миллий кун” кенг нишонланди. Шу кунларда “Марказий Осиё – Япония” саммитига тайёргарлик кўрилмоқда. Ишончимиз комилки, тарихий-маданий алоқалар, замонавий муносабат ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни янги босқичга кўтариб, самимий дўстлик риштасини янада мустаҳкамлайди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА