Тиббиёт бирлашмаси янгиланишлар йўлида

175

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Тахиатош тумани тиббиёт бирлашмасига пресс-тур ташкил этилди.

Тадбирда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Дуйсен Айтимбетов оммавий ахборот воситалари вакилларини бирлашмада яратилган имкониятлар билан яқиндан таништирди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган муҳим ислоҳотлар даврида туман тиббиёт соҳасида ҳам бир қанча ижобий ўзгаришлар юз берди.

Хусусан, сўнгги 2 йил ичида туман тиббиёт бирлашмасининг даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техник базаси янгиланиб, 2023 йилда туман кўп тармоқли марказий поликлиникасининг 1 кунда 150 киши қатнов қувватига эга янги биноси ҳамда 2025 йилнинг биринчи чорагида оилавий поликлиниканинг фойдаланишга топширилиши юқорида айтиб ўтган фикримизнинг яққол исботидир.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари капитал таъмирлаш ишлари олиб борилган туман тиббиёт бирлашмасининг туғруққа кўмаклашиш бўлими, жорий йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилган оилавий поликлиниканинг ички имкониятлари ва уларда даволанувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

– Поликлиникамизда ҳудуд аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган, – дейди поликлиника лаборанти Турсиной Айтжанова.- Бундай замонавий тиббий ускуналар аҳолига тез ва сифатли хизмат кўрсатишда муҳим ўрин тутмоқда.

– Бўлимимиз 2024 йил март ойида капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди, – дейди туғруққа кўмаклашиш бўлими акушер-гинеколог шифокори Гулшийра Утемуратова.- – Бугунги кунда бўлимимизда ходимлар ва хотин-қизлар учун барча қулай шароитлар яратилган ва улар замонавий тиббий буюмлар ва ускуналар билан таъминланган. Соҳага тадбиқ этилаётган бундай янгиланиш ва ўзгаришлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг ошишига хизмат қилмоқда.

Ўтказилган пресс-тур давомида журналистлар туман тиббиёт бирлашмасининг масъул ходимларига бир қатор саволлар бериб, уларга тегишли жавоб олди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси