7-сонли мактабда янги ўқув йили бошланди

195

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев Нукус шаҳридаги 7-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, янги 2025–2026-ўқув йили бошланиши муносабати билан ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ва устозлар билан учрашди.

Учрашув давомида Жўқорғи Кенгес Раиси мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ва замонавий шарт-шароитларга алоҳида тўхталиб ўтди. У ўқувчиларни янги билимларга интилиш, юқори марраларни кўзлаш ва Ватанга содиқ, билимли авлод бўлиб етишишга чорлади.

Тадбирда устоз ва педагоглар билан ҳам мулоқот ўтказилиб, уларнинг жасоратли ва билимли ёшларни тарбиялашдаги фидокорона меҳнатига миннатдорчилик билдирилди. Шу билан бирга, юртимиздаги ёшлар орасида юқори натижаларга эришадиган авлод етишиб чиқиши учун яратилаётган имкониятлар таъкидлаб ўтилди.

Бундан кейин, биринчи қўнғироқ садоси янграб, янги ўқув йилига старт берилди. Шунингдек, самарали меҳнат қилаётган бир қатор устоз-педагоглар Жўқорғи Кенгеснинг кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Тантанали тадбир чоғида 1-синфга қадам қўйган ўқувчиларга Президент совғалари ҳам топширилди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги