ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари кўрсатиб ўтилди

170

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Тяньцзинь шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин раислигида ўтган тадбирда Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, шунингдек, ШҲТ бош котиби Нурлан Ермекбаев ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Уларбек Шаршеев қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан очиқ фикр алмашилди.

Хитой Раиси Си Цзиньпин давлатимиз раҳбарига сўз берар экан, мамлакатимиз етакчиси ва халқини Мустақиллик куни билан қутлади ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон юксак суръатда ривожланиб, мамлакатда ҳаёт яхшилангани ҳамда Хитой томони бундан жуда мамнунлигини алоҳида таъкидлади.

Президентимиз учрашув иштирокчиларини қутлаб, Хитойнинг ШҲТга раислигини юксак баҳолади ва Иккинчи жаҳон урушидаги буюк Ғалабанинг 80 йиллиги билан табриклади, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарларига Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан билдирган самимий табриклари ва эзгу тилаклари учун миннатдорлик изҳор этди.

Мамлакатимиз етакчиси ушбу саммит глобал ноаниқлик шароитида ўтаётганини қайд этди.

Ишончнинг тизимли инқирози, можароларнинг кенгайиб бораётгани, кўп томонлама институтларнинг заифлашиши ва жаҳон савдо тизимининг парчаланиши халқаро хавфсизлик ва барқарорлик архитектураси асосларига путур етказмоқда.

– Бундай шароитда ШҲТ давлатларининг бир-бирини ўзаро тушуниши ва бирдамлиги – бу фақат қимматли бойлик эмас, балки бизнинг бепоён минтақамизда тинчликни сақлашнинг калитидир, – деди Ўзбекистон етакчиси.

ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида давлатимиз раҳбари қуйидаги масалаларга эътибор қаратди.

Энг аввало, ташкилотнинг самарадорлигини ошириш, унинг институтлари ва қарорларни амалга ошириш механизмларини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди. Ташкилотни трансформация қилиш бўйича Самарқанд саммитида бошланган жараёнлар ушбу муҳим вазифаларни ҳал этишга ёрдам беришига ишонч билдирилди.

Давлатимиз раҳбари ШҲТни изчил кенгайтириш, унинг мулоқот бўйича шериклари таркибига янги аъзоларни, жумладан, бошқа минтақа давлатларини қўшиш зарурлигини, бу ташкилотни Глобал Жануб мамлакатлари билан ҳамкорлик платформасига айлантиришга ёрдам беришини таъкидлади.

Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ШҲТнинг устувор йўналишларидан биридир.

– Бугунги кунда келишилган ёндашувларга ҳамда ишонч ва хавфсизликни таъминлашнинг янги механизмларига талаб кучайиб бормоқда, – деди Ўзбекистон Президенти.

Шу маънода, давлатимиз раҳбари Ядро хавфсизлиги йўлида кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ШҲТ декларациясини қабул қилишга чақирди. Ушбу декларация тинчлик йўлидаги атомни ривожлантириш ва фавқулодда ҳолатларга жавоб қайтаришнинг мустаҳкам асосига айланади, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигидаги тарқатмаслик глобал режимига муносиб ҳисса бўлади.

Трансчегаравий таҳдидларга қарши самарали курашиш мақсадида Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари кенгаши ишини қайта тиклаш, Жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қайта кўриб чиқиш, Гиёҳвандликка қарам бўлиб қолишга қарши курашишнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган дастурини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Ўзбекистон етакчиси “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи фаолияти қайта тикланишини қўллаб-қувватлади. Конструктив мулоқотларни ривожлантириш ва Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш унинг асосий вазифаларидан бири бўлиши мумкин.

Жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган ҳозирги тенденцияларни ҳисобга олиб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.

– Биз кенг минтақамизда иқтисодий ҳамкорликнинг барқарор моделларини шакллантириш тарафдоримиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Савдони соддалаштириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги битимни имзолаш ҳамда минтақавий саноат ва инфратузилма лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаларини тезроқ жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.

Ишончли ишлаб чиқариш-логистика занжирларини ривожлантириш ва ўзаро сармояларни рағбатлантириш мақсадида ШҲТ доирасида Стратегик материаллар бўйича минтақавий марказ, Энергетика консорциуми, стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илгари суриш учун Венчур компаниялари ва жамғармалари тармоғи, бизнес бўйича мулоқотларни йўлга қўйиш ва инвестицияларни илгари суриш учун Махсус электрон портал каби бир қатор янги кўп томонлама тузилмалар ва кооперацияни қўллаб-қувватлаш воситаларини жорий этиш таклиф қилинди.

Давлатимиз раҳбари Шимол – Жануб ва Шарқ – Ғарб йўналишлари бўйича транспорт-транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, Марказий Осиё орқали Форс кўрфази ва Ҳинд океани портларига чиқадиган жанубий йўналишдаги йўлакларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.

“ШҲТ ягона транспорт макони”ни шакллантириш ва уни “Бир макон, бир йўл” стратегик ташаббуси билан боғлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун катта имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Янги мультимодал тармоқлар, рақамли платформалар ва “яшил” йўлаклар яратишни назарда тутувчи концепцияни ишлаб чиқиш таклиф этилди.

ШҲТнинг “яшил” трансформация соҳасидаги ҳамкорлигини кенгайтириш борасида иқлим ўзгаришига мослашиш, ҳавога заҳарли газларни чиқаришни камайтириш, экологик хавф-хатарларни башорат қилиш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари бўйича минтақавий платформани ишга тушириш зарурлиги қайд этилди.

– Маданий алоқаларни янада чуқурлаштириш ва халқ дипломатияси институтини кучайтириш ШҲТ доирасидаги узоқ муддатли шерикликнинг муҳим омили ҳисобланади,  деди Ўзбекистон Президенти.

Халқ ижодиёти халқаро фестивалларини ўтказиш, “ШҲТ университети” шериклик тармоғининг онлайн кампусини яратиш, инновацион йўналишлар бўйича ҳар йили талабалар ва ёш мутахассислар ўртасида танлов ва олимпиадалар ташкил этиш гуманитар алмашувларни ривожлантириш ҳамда халқларимизни янада яқинлаштиришга кучли туртки бериши таъкидланди.

“Сайёҳлик йўлаги” ва ШҲТ тиббиёт туризми альянсини ишга тушириш каби истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раисликни қабул қилгани билан табриклади.

Хитой Раиси Си Цзиньпин давлатимиз раҳбарига илгари сурилган муҳим ташаббуслар учун миннатдорлик билдириб, уларни биргаликда амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Мажлис якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Хусусан, Тяньцзинь декларацияси, ШҲТни 2035 йилга қадар ривожлантириш стратегияси ҳамда ҳамкорликнинг турли соҳаларида шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим кўп томонлама ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “ШҲТ плюс” форматининг “Кўп томонлама ҳамкорликни ҳаётга татбиқ этиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва барқарор тараққиётга кўмаклашиш” мавзусидаги учрашувда иштирок этди.

 Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари ва унинг доимий фаолият юритувчи органлари раҳбарлари билан бир қаторда кузатувчи ва ҳамкор мамлакатлар етакчилари, фахрий меҳмонлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ва бошқа халқаро тузилмалар раҳбарлари ҳам қатнашди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида очиқлик ва кўп томонлама ҳамкорлик руҳига тўлиқ жавоб берадиган “ШҲТ плюс” формати ишончли мулоқот учун тобора муҳим майдонга айланиб бораётганини таъкидлади.

Бу галги саммит XX асрнинг энг катта фожиаси – Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллигида ўтаётгани рамзий маънога эга экани таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси қарама-қаршилик кўпайиб бораётганидан хавотир билдириб, низоларга барҳам бериш, ишончни тиклаш, тинч-тотув яшаш ва халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳурмат қилишга чақирди.

Шу маънода, Хитой Раиси Си Цзиньпин илгари сурган Глобал бошқарув бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон Президенти Ғазо секторидаги вазият яна кескинлашаётгани ва гуманитар аҳвол ёмонлашаётганини қайд этиб, Фаластин – Исроил муаммосини “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида адолатли ҳал этишгина Яқин Шарқдаги можарони тўхтатиши мумкинлигини таъкидлади.

ШҲТ доирасидаги шериклик ва амалий ҳамкорлик учун улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлаб, давлатимиз раҳбари кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб вазифаларига тўхталди.

Энг аввало, ШҲТ мамлакатларининг барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун жамоавий саъй-ҳаракатларни кучайтириш муҳим экани, бу, айниқса, иқлим ўзгариши, энергетика ва озиқ-овқат ресурслари тақчиллиги, миграция инқирозлари, киберҳужумлар ва бошқа янги хавф-хатарлар юзага келаётган шароитда долзарб экани таъкидланди.

Президентимиз Тошкент шаҳрида ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси негизида Хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ ҳамда Душанбе шаҳрида Наркотикларга қарши курашиш маркази ишга туширилганини олқишлади.

Хавфсизлик масалалари бўйича “ШҲТ плюс” форматидаги биринчи мулоқотни келгуси йили юртимизда ўтказиш таклиф қилинди.

– Афғонистондаги вазиятни ҳисобга олмасдан ва халқаро ҳамжамиятнинг афғон ҳукумати билан конструктив мулоқотини йўлга қўймасдан туриб, минтақамизда барқарорликни таъминлаш мумкин эмас, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Шу муносабат билан ушбу мамлакат билан ҳамкорлик қилиш ва уни ШҲТ лойиҳаларига жалб қилиш бўйича прагматик ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари ШҲТ доирасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни тубдан кенгайтиришни устувор вазифа сифатида қайд этди.

Тўсиқларни бартараф этиш ва стандартларни яқинлаштириш, электрон савдо майдончаларини ривожлантириш, саноат кооперацияси ва инновацияларни рағбатлантириш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Бизнес мулоқот учун самарали платформани ишга тушириш мақсадида ҳар йили “ШҲТ ИНВЕСТ” инвестиция форумини ўтказиш ва унинг биринчи йиғилишини келгуси йилда Ўзбекистонда ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Минтақавий транспорт интеграцияси ва ўзаро боғлиқлик ҳақида сўз юритилар экан, минтақани глобал йўлаклар билан ишончли боғлашни таъминлайдиган самарали транспорт йўналишларини яратиш Марказий Осиё учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлининг қурилиши ва келажакда Трансафғон йўлаги билан боғланиши ШҲТ маконида ягона транспорт тармоғини шакллантиришга хизмат қилади.

Мамлакатимиз етакчиси илм-фан, технологиялар ва инновациялар соҳаларида шерикликни фаол илгари суриш муҳимлигини қайд этди.

– ШҲТ мамлакатлари сунъий интеллект, катта маълумотлар базалари, робототехника, биомуҳандислик, муқобил энергетика каби илғор йўналишларда катта сакрашни таъминлашга қодир бўлган улкан илмий-техник салоҳиятга эга, – деди Президентимиз.

Янги ғояларни илгари суриш ва илғор ечимларни ишлаб чиқиш учун ШҲТнинг инновацион-технологик хаблари тармоғини яратиш амалий қадам сифатида таклиф этилди.

Маданий-гуманитар соҳада ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон раҳбари “ШҲТ оиласи”нинг маданий ранг-баранглиги ва қадриятларини илгари суришга кўмаклашишга қаратилган Буюк ипак йўли маданий мулоқотини таъсис этиш ташаббусини илгари сурди. Иштирокчи мамлакатлар делегацияларини Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференцияси тадбирларида фаол иштирок этишга таклиф этди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида “ШҲТ плюс” форматидаги ушбу саммитнинг самарали натижалари барқарорликни янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали шерикликни кенгайтириш ва барча мамлакатларнинг изчил тараққиётига хизмат қилишига ишонч билдирди.

ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши ва «ШҲТ плюс» саммити доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, МДҲ Ижроия қўмитаси бош котиби Сергей Лебедев ва бошқа делегациялар раҳбарлари билан суҳбатлар ўтказди.

Тяньцзинь шаҳридаги тадбирлар якунлангач, давлатимиз раҳбари Пекин шаҳрига келди.

 

ЎзА