Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.
Президентлар пойтахтимиздаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараларини зиёрат қилди.
Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараси Шайх Хованди Тоҳур мажмуасидаги кўҳна қабристоннинг шимолида жойлашган. Мақбара пишиқ ғиштдан, чортоқ тарҳли, қўш қават гумбазли қилиб қурилган. Манбааларда қайд этилишича, бу ерга Тўлабий Алибий ўғли дафн этилган. Мустақиллик йилларида ушбу мақбара қайта таъмирланиб, муқаддас қадамжолардан бирига айлантирилган.
Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов кўп йиллар фаолият олиб борган Оқсарой қароргоҳига ташриф буюрди.
Нурсултон Назарбоев буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.