ЕИ мудофаага инвестиция жалб қилиш бўйича йўл харитасини тақдим этади

Европа Комиссияси яқин ҳафталарда мудофаа соҳасига қўшимча сармоя киритиш назарда тутилган йўл харитаси лойиҳасини тайёрлайди, деди ЕИ президенти Урсула фон дер Ляйен Польшага ташрифи чоғида.
— Мавжуд муаммоларни аниқлаб, 2030 йилгача мақсадли кўрсаткич ва назорат нуқтаси ёрдамида ҳал қилиш йўлларини таҳлил қиламиз, — деган у матбуот анжуманида.
Фон дер Ляйен қўшимча қилишича, бу режа октябрь ойи бошида Дания раислигида бўлиб ўтадиган Европа Кенгаши норасмий йиғилишида муҳокама қилинади.
Июнь ойида Гаагадаги НАТО саммитида иттифоқчилар 2035 йилга бориб ҳар йили асосий мудофаа эҳтиёжи учун ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизини ажратишга келишиб олганди. АҚШ Президенти Дональд Трамп Шимолий Атлантика альянси саммитини “катта муваффақият” деб атади, чунки ўшанда Вашингтон шартномасининг жамоавий мудофаа тўғрисидаги 5-моддасига содиқлик яна бир бор якдил тасдиқланган.
Май ойида ЕИга аъзо давлатлар махсус кредит воситаси яратишга келишиб олди. Шу орқали қурол ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун 150 миллиард евро жалб этилиши кутиляпти. Умуман, Брюссель режасида ЕИ давлатлари бюджетидан жами 650 миллиард еврога яқин маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Маълумки, жорий йил 19 март куни ЕК “Европани қайта қуроллантириш” янги мудофаа стратегиясини тақдим этган эди. Кейинчалик қатор аъзо давлатлар норозилиги туфайли ҳужжат номи «тажовузкорликдан холироқ» — “Тайёрлик-2030”га ўзгартирилди. Мазкур стратегия асосида тўрт йил давомида қуролланишга 800 миллиард евро сарфланиши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА