Янги Ўзбекистон – янгиланиш ва тараққиёт йўлида

191

Муносабат

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, 1991 йил 31 август куни мамлакатимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган, том маънодаги буюк тарихий воқеа юз берди. Неча юз йиллар давомида келажакка катта умид ва ишонч билан қараб, ҳамиша сабр-матонат билан яшаган халқимиз улуғ орзусига эришди – ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритди.

Истиқлол йилларида халқимиз ўзининг юксак салоҳияти, мустаҳкам иродаси ва матонатини намоён этиб, катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Мамлакатимизда барча соҳалар ривожланди. Фуқароларнинг ҳаёт даражаси яхшиланди. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида узоқ-яқиндаги барча мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини кенг миқёсда олиб бораётган замонавий, очиқ ва демократик давлатга айланди.  Мамлакатимизда мустақиллик йилларида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.

Хусусий мулкни қўллаб-қувватлаш, ташқи инвесторлар учун қулай мухит яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш каби чоралар самара бермоқда. Яқин йилларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Хусусан аграр соҳада ер ислоҳотлари саноатда кластер тизимини жорий этиш ва рақамли иқтисодиётни шакллантириш орқали мамлакатнинг иқтисодиёт қудрати ортаяпти. Туризм ва логистика соҳалари ҳам янги босқичга чиқмоқда.

Президентимизнинг айнан ташаббуси билан  Қорақалпоғистон Республикасини ижтиомий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш борасида кейинги йиллари  20 дан зиёд  қарор ва фармонларнинг қабул қилиниши бу давлатимиз етакчисининг қорақалпоқ халқига бўлган оталарча ғамхўрлиги ва эътибори десак муболаға бўлмайди.

Охирги саккиз йилда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида барча соҳаларда  туб янгиланиш ва ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу борада Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кейинги йиллари барча соҳаларда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Биргина ичимлик суви таъминоти соҳасидаги лойиҳалардан Нукус шаҳридаги сув тозалаш иншоатидаги ишларни олиб қарайдиган бўлсак, мазкур сув тозалаш иншоати шаҳарда истиқомат қилувчи 270 мингдан зиёд аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб берувчи қурилма бўлиб ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 22 январдаги  98-сонли қарорига мувофиқ,  қуввати ҳозирда суткасига 65 минг куб метр бўлиб, уни суткасига 95 минг куб метргача ошириш бўйича қурилиш ишлари давом этмоқда. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгандан кейин Нукус шаҳри аҳолисининг  қарийб 270 минг киши тоза ишимлик сувидан баҳраманд бўлади. Нукус сув тозалаш иншоати реконструкция лойиҳаси бу оддий қурилиш эмас, ҳаммаси инсон қадри, инсон тағдирига дахлдор. Шунки ҳар бир метр кув тоза сув  – бу келажак, ҳар бир томчи сув эса –  бу ҳаёт. Ана шундай лойиҳадан яна бири Манғит сув тозалаш иншоати. Айни пайтда мазкур иншоатда қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Ҳар бир хонадонга етказиладиган тоза сув  фарзандлар  саломатлигига, юртнинг келажагига, инсонлар ҳаёти ва  миллат генафондига дахлдор.

Бунинг замирида эса барчаси инсон қадри учун эканлигини, айниқса  аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган эзгу лойиҳалар руёби. Тез орада Нукусда ва  Манғитда сув тозалаш иншоатлари ишга туширилиши режалаштирилган. Байрам арафасида олиб борилаётган бундай эзгу ишларнинг барчаси  мустақиллигимиз билан чамбарчас боғлиқ.  Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар халқ фаровонлиги, инсон қадри ва барқарор ривожланиш тамойилларига таянган ҳолда янада чуқурлашмоқда. Мухтасар қилиб айтганда, мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллик даврида босиб ўтган ривожланиш йўлимиз сарҳисоб қилиниши, жонажон Ватанимизда инсон қадр-қимматининг, шаъни-ғурурининг нечоғлик устун қўйилганлигидан, юртимиз тинчлик ва барқарорликка эришилганлигидан, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлиги таъминланганлигидан ҳамда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг мустаҳкамланганлигидан дарак беришини унутмаслигимиз даркор.

 

  Гулжан Халмуратова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,  O’zLiDeP фракцияси аъзоси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги