Энг улуғ ва энг азиз байрам кўтаринки руҳда ўтди

Республикамизнинг энг шимоли-шарқий ҳудудида жойлашган Тахтакўпир туманида сўнгги йилларда халқ хўжалигининг барча соҳаларида кўплаб йирик ўзгариш ва янгиланишлар юз бермоқда.
Ҳудудда янги тадбиркорлик субъектлари билан бирга йирик ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилиб, қишлоқ ва овулларда ҳашаматли уй-жойлар, барча қулайликларга эга ижтимоий объектлар қад ростламоқда. Кўча-йўлаклар замонавий тусга кириб, Белтов овул фуқаролар йиғинида жойлашган Қоратеран туризм мажмуаси халқимизнинг ҳузур қилиб дам оладиган севимли масканларидан бирига айланди, десак янглишмаган бўламиз.
Шундай меҳнатда улкан ютуқларни қўлга киритиб келаётган тахтакўпирликлар ҳам Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллик байрамини «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» шиори остида кўтаринки руҳда нишонлаб ўтди.
Замонавий типдаги Давқара спорт мажмуасида ўтказилган байрам тадбирида туман раҳбарлари, депутатлар, фаол нуронийлар, ёшлар ва бошқа кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Унда туман ҳокими Ж. Адилов туман аҳолисини Мустақиллик байрами билан самимий табриклаб, сўнгги йилларда юртимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, Тахтакўпир туманида амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ва янгиланишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Байрам тадбири давомида республикамизга машҳур санъат усталари, туман маданият бўлими ходимлари, Болалар мусиқа ва санъат мактаби тарбияланувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
Концертда она-Ватан, туғилган замин ва Мустақилликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар, ўйин-кулги ва саҳна кўринишлари ўрин эгаллади.



Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси