Мустақиллик байрами чимбойликларни қувонтирди

210

Бугун мамлакатимизда озодлик ва эркинлик нафаси эсиб, юртимизнинг барча ҳудудларида «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» шиори асосида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллик байрами кенг нишонланмоқда.

Бугунги кунда 115 мингдан зиёд аҳоли тинч-тотув ҳаёт кечираётган Чимбой туманида ҳам Мустақиллик куни байрами тантанали равишда нишонланди.

Кўркам ва замонавий кўринишдаги очиқ театрда ўтказилган байрам тадбирида туман раҳбарлари, депутатлар, фаол нуронийлар, ёшлар ва бошқа кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Унда туман ҳокими А.Тажетдинов сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам муносабати билан самимий табриклади ва сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, Чимбой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг тарзда сўзлаб берди.

Айниқса, Чимбой тумани ҳудудини комплекс ривожлантириш, юқори иқтисодий ўсишга эришиш, бизнес муҳитини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йилнинг 1 апрель куни қабул қилинган «Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар) ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида»ги махсус қарори асосида қилинаётган ишларни фахр билан қайд этди.

Шундан сўнг туман маданият бўлими ходимлари томонидан тайёрланган мусиқий-суҳбатли концерт дастурига навбат берилиб, унда республикамизга машҳур хонандалар ва ёш истеъдод эгалари томонидан она-Ватан, туғилган ер ва Мустақилликни тараннум этувчи қўшиқлар тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.



– Ўтказилаётган ушбу байрам халқ хўжалигининг барча соҳа вакиллари каби, таълим тизими ходимларига ўзгача завқ бағишлади, – дейди Чимбой тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Мамбетсайд Жақсимов. Айниқса, таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, мактаблар ва болалар боғчалари замонавий қиёфага кирди. Хусусан, жорий йилнинг ўзида давлат инвестиция дастури асосида, иккита мактаб ва иккита болалар боғчаси янгидан қурилиб, битта боғчага капитал реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, республикамизнинг барча аҳолисини Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллик байрами ва 2 сентябрь – Билимлар куни билан самимий муборакбод этаман. Илоҳим осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч ва фаровон бўлиб, Ватанимиз Мустақиллиги абадий бўлсин!

Байрам тантанаси сўнгида осмонга салютлар отилди, бу иштирокчилар қалбига ўзгача завқ бағишлади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси