Байрамга муносиб совға бўлди

179

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан буён ўтган даврда барча соҳалар қатори энергетика соҳасида ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида чекка ҳудудларда яшаётган аҳолини узоқ йиллар давомида қийнаб келган муаммолар босқичма-босқич ўз ечимини топмоқда.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган Тахиатош тумани электр таъминотининг янги биноси ҳам мустақиллигимиз ва соҳада эришаётган ютуқларимиз натижасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 23 ноябрдаги махсус қарорига асосан барпо этилган объектнинг смета қиймати 3,7 млрд. сўм бўлиб, унинг қурилишида энг сўнгги турдаги замонавий қурилиш материаллари, хусусан, энергия тежамкор технологиялардан кенг фойдаланилди.

Янги бинонинг очилишига бағишланган тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда электр энергетикаси соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган Президентимизнинг эътибори жуда катта эканлигини таъкидлади. Тахиатош РЭТ бошлиғига «Оникс» автомашинасининг калити топширилди. Янги бинода яратилган шароитлар ҳудуд аҳолисига кўрсатилаётган хизмат сифатини янада яхшилаш имконини беради.

Янги мажмуада яратилган шароитлар, мавжуд техник ва технологик ускуналар имконияти, шунингдек, муҳандис-техник ва ишчи-ходимлар, корхона мутахассисларини ўқитиш, тезкор-диспетчерлик хизмати томонидан амалга ошириладиган энергия таъминотининг автоматлаштирилган бошқарув тизими, маънавият ва маърифат хоналари каби хоналар иш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги