Ўзбекистон ёрқин келажак сари дадил одимламоқда
Қонликўл туманида ҳам «Ватан учун, миллат учун, халқ учун» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирлари дастури доирасида, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллигига бағишлаб байрам кечаси ўтказилди.
Байрам тантанасини туман ҳокими Б.Султанов кириш сўзи билан очиб берди ва туман аҳолисини мустақиллик байрами билан самимий табриклаб, эзгу тилакларини билдирди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида барча ҳудудлар қатори Қонликўл туманида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, юртимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Байрам иштирокчилари байрамга ўзгача тайёргарликлар билан келишди. Мана, бу йил ҳам халқимиз жонажон Ўзбекистонимиз учун ўз олдига улуғвор мақсад ва вазифаларни қўйди. Албатта, 34 йил бир йигитнинг камолга етиб айни кучга тўлган, ёшлик ғайрати билан келажакка мустаҳкам қадам ташлаган мардларига тенглаштирилади. Худди шундай Ўзбекистон ҳам жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга қудратли давлат сифатида ёрқин келажак сари дадил қадам ташламоқда.
Байрам тадбирида соҳада самарали меҳнатлари учун бир қатор фаоллар туман ҳокимлиги томонидан тақдирланди.
Ҳозирги кунда Қонликўл туманида 54 мингдан ортиқ турли миллат вакиллари тинч ва тотув яшаб меҳнат қилиб келмоқда. Байрам тадбирида Ўзбекистон кўп миллатли давлат эканини ёритувчи чиқишлар байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади. Дастурдан ўрин олган санъат усталари ва ёш истеъдод эгалари ижросидаги Ватан, дўстлик, тинчлик ва тотувлик, ёшлик ҳақидаги қўшиқлар ва рақслар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Тантанали байрам тадбири халқ сайли, концерт дастури билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги