Байрам муносабати билан «Ватан ягонадир, у муқаддас» номли кўргазмаси очилди

«Ватан учун, миллат учун, халқ учун!»
Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича фотомухбири, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, таниқли фоторассом Мақсет Ҳабибуллаевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган «Ватан ягонадир, у муқаддас!» номли фотокўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда муаллифнинг мустақиллик йилларида Қорақалпоғистон Республикасида бўлган янгиланишлар, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янгиланиши, жамиятимизда ва халқ хўжалигининг бир қатор соҳаларида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар ва ютуқларни акс эттирувчи фотокорреспонденсиянинг фоторепортаж, фотохабар, фотоочерк, фотоэтюд каби бир қатор жанрларда олинган жами 40 дан ортиқ асари ўрин олган.
Ушбу кўргазмани ташкил этишдаги асосий мақсад Президентимизнинг жорий йил 10 июлдаги » Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш, сана муносабати билан маданий байрам кечаларини ўтказиш, айниқса кенг жамоатчиликни, шу жумладан ёшларни фидойи ижодкор инсонларнинг Ватанга муҳаббат туйғуларини тараннум этувчи асарлари билан яқиндан таништиришдан иборат.
Тадбирни Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси Наврўз Айтмуратов очиб берди. Тадбирда фотомухбирнинг бир қатор ҳамкасблари, қариндошлари, шогирдлари ва яна бошқалар сўзга чиқиб, ижодкорнинг журналистика ва санъат соҳаларидаги хизматларига кенг тарзда тўхталиб ўтди.
Хусусан, М. Ҳабибуллаевнинг фотомухбир сифатида Қорақалпоғистон Республикаси ҳаётидан тайёрланган фотоматериаллари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг «www.uza.uz» сайтида, «Янги Ўзбекистон,» «Халқ сўзи,» «Ишонч,» «Қишлоқ ҳаёти,» шунингдек, маҳаллий «Эркин Қорақалпоғистон,» «Vesti Karakalpakistana,» «Қорақалпоғистон тонги,» «Қорақалпоғистон ёшлари» каби республика нашрларида мунтазам эълон қилиб келинди.
Шунингдек, унинг фоторассом сифатида бир қанча ижодий ишлари Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими томонидан ташкил этилган кўргазмаларда намойиш этилган. Масалан, 2020 йилда «Мўйноқ кеча ва бугун,» «Олтин куз,» «Кумуш қиш» каби онлайн фотокўргазмалари ҳамда 2023 йил 15 октябрда «Халқаро қишлоқ аёллари» кунига бағишланган «Қадри баланд, қишлоқ аёли» номли шахсий фотокўргазмалар муаллифи. Бундан ташқари, фоторассомнинг Ўзбекистон Бадиий академиясига қарашли Тошкент Фотосуратлар уйида 2024 йил август ойида ўтказилган «Мўйноқ: кеча, бугун, эртага» ва 8 декабрь Ўзбекистон Республикаси Давлат Конституциясининг 32 йиллигига бағишланган фотокўргазмада бир қанча суратлари ўрин олган.
Муаллифнинг 2025 йил 5 март куни ташкил этилган 8 март «Халқаро хотин-қизлар куни»га бағишланган «Ҳаёт гултожи, муқаддас аёл!» номли фотокўргазмасида кенг жамоатчиликка тақдим этилди.

Унинг ижодий меҳнатлари Ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланиб, «Ватан фидойиси» ва «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Шунингдек, у «Олтин қалам» XVII Миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловнинг «Энг яхши фоторепортаж» номинациясининг ғолиби.
– Республикамиз матбуот соҳасида кўплаб фотожурналистлар хизмат қилди. Уларнинг ҳар бири ўзига хос услуби, ижод йўли бор. Шулар қаторида Мақсад Ҳабибуллаев ҳам ўзига хос ижодий йўлига эга. Шулар қаторида Мақсад Ҳабибуллаев ҳам ўзига хос ижодий йўлга эга. Унинг ракурсида республикамизнинг барча соҳаларида бўлаётган янгиланишлар, давр қаҳрамонлари, соҳа фидойилари ўрин олмоқда. Бугунги кўргазмада унинг мамлакатимиз мустақиллигида соҳаларда эришилаётган ютуқлари ўрин олган. Бу бунёдкорлик ишлари ҳар бир инсонда Ватанга бўлган муҳаббатни янада ошириши шубҳасиз, – дейди Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган журналист Шукурбой Сийпатдинов.
Фотокўргазмадан ўрин олган суратлар кўргазма иштирокчиларида яхши таассуротлар қолдирмоқда. Шулар қаторида хориждан келган меҳмонларнинг бирини суҳбатга тортдик.
– Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик байрами арафасида юртингизда сайёҳлик сафарида бўлиб турибмиз. Байрам арафасида бу диёрда улкан бунёдкорлик ўзгаришлари бўлмоқда. Айниқса, музейда бўлиб, қорақалпоқ халқининг тарихи, маданияти билан танишиш чоғида ажойиб бир фотокўргазманинг гувоҳи бўлиб турибман. Фоторассомнинг ўз юртига, ватанига бўлган муҳаббат туйғулари фотокўргазмада кенг ўрин олган. Булар орқали юртингиздаги фаровон ҳаётни, халқнинг бахтли кунларини англаш мумкин, – дейди германиялик сайёҳ Силеи Али.
Кеча якунида Нукус шаҳар 2-сонли маданият уйининг истеъдодли созандалари томонидан ижро этилган жўшқин қўшиқ ва миллий куй-қўшиқлар кўтаринки кайфият бағишлади.
Байрам муносабати билан ташкил этилган фотокўргазма ҳар бир иштирокчида Ватанга бўлган муҳаббатни ошириши шубҳасиз.
Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги