Байрам арафасида яна бир иншоот фойдаланишга топширилди

267

Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида  янги иншоотлар қуриб, фойдаланишга топшириш ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда. Жумладан, Тўрткўл туманида аҳолига хизмат кўрсатиш йўналишида муҳим бўлган бир қатор объектлар ишга туширилди.

Туманнинг “Тозабоғйоп” овул фуқаролар йиғини ҳудудида якка тадбиркор Давронбек Сабуров томонидан қурилган 1000 ўринли “Хон сарой” тўйхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими И.Худайбергенов иштирок этди ва янги иншоотнинг очилиши муносабати билан барчани табриклади.

Янги тўйхона фаолият бошлаши орқали маҳаллий аҳоли учун қўшимча иш ўринлари яратилди. Хотин-қизлар ва ёшлар дафтарига киритилган 15 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди, бу эса уларнинг оиласига барқарор даромад манбаи бўлади. Шунингдек, тадбир давомида 10 нафар болажоннинг суннат тўйи ҳам ташкил этилди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Янги иншоотнинг фойдаланишга топширилиши шаҳарсозлик соҳасидаги ютуқлардан бири бўлиб, аҳоли турмуш даражасини оширишга, тадбиркорликни ривожлантиришга ҳамда ёшларни иш билан таъминлашга хизмат қилади.

Мустақиллик байрами арафасида амалга оширилаётган бу каби лойиҳалар мамлакатимизда инсон манфаатларига қаратилган ислоҳотлар изчил давом этаётганини яққол намоён этмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги