Сувдан ноқонуний фойдаланганлик учун молиявий жарима қўллаш ва қўлланган жарима ишлаб чиқариш масалалари

150

Маълумки, сувдан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик чораларидан бири – молиявий жарима ҳисобланади. Молиявий жарималар Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида»ги низомнинг 60-моддасида назарда тутилган миқдорларда белгиланади.

Молиявий санкцияларни қўллаш ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади.

Назорат қилувчи органларнинг ҳуқуқий таъсир чоралари қўллаш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судларга мурожаат қилиш ҳуқуқи Иқтисодий процессуал кодекснинг 217-моддасида белгилаб қўйилган.

Белгиланган тартибга кўра, ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда берилади. У ариза берувчи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Судга ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризада суд, ишда иштирок этаётган шахсларнинг номлари ва уларнинг жойлашган ери ва яшаш жойи, ҳуқуқбузарлик фактини аниқлаган назорат қилувчи органнинг номи, арз қилинган талабга асос бўлган ҳолатлар, арз қилинган талабнинг асосларини тасдиқловчи далиллар, юридик шахснинг ёки фуқаронинг судга мурожаат этишига асос бўлган ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ариза берувчининг талаби, жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

«Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида»ги низомнинг 60-моддасида сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига нисбатан улар томонидан қишлоқ хўжалиги, балиқчилик хўжалиги, саноат, энергетика ва коммунал-маиший эҳтиёжлар учун сув олиш тартиби бузилган тақдирда:

сув истеъмолчилари томонидан лимитдан ортиқча сув олинганлиги учун – лимитдан ортиқча олинган ҳар минг куб метр сув учун – белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида;

сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозламасдан сув олиш, сув олишга рухсат этилмаган жойлардан, шунингдек, шартнома тузмасдан сув олганлик учун – олинган ҳар минг куб метр сув учун – белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизи миқдорида;

сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан махсус сувдан фойдаланиш рухсатномасисиз сув олганлик ёки сувдан фойдаланганлик учун – олинган ҳар минг куб метр сув учун – белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 фоизи миқдорида;

сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан сувни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун – олинган ҳар минг куб метр сув учун – белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизи миқдорида жарима санкциялари қўлланилади.

Бир йил давомида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби такроран бузилган тақдирда, ушбу бандда кўрсатилган жарима санкциялари ўн карра миқдорида қўлланилади.

Қишлоқ хўжалиги сув истеъмолчиларига лимитдан ортиқча сув олганлик учун жарима санкциялари бир йилда икки марта (куз-қиш ва вегетация даврлари якунлари бўйича), қолган сув истеъмолчилари учун эса – календарь йил якунлари бўйича бир марта қўлланилади.

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги шартномаларда ушбу бандда кўрсатилган жарима санкцияларидан ташқари бошқа қўшимча жавобгарлик чоралари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Низомнинг 61-моддасида, ушбу низомнинг 60-бандида кўрсатилган жарима санкциялари, белгиланган тартибда:

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан – сунъий сув объектларидан сув олишда;

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий органлари томонидан – табиий сув объектларидан сув олишда қўлланилиши белгиланган.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 218-моддаси иккинчи қисми 4-5-бандларида ҳуқуқий таъсир чоралари қўллаш тўғрисидаги аризада билдирилган талабга асос бўлган ҳолатлар ва билдирилган талабнинг асосларини тасдиқловчи далиллар кўрсатилиши кераклиги белгиланган. Ушбу модданинг бешинчи қисмига кўра, ушбу моддада назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ариза ушбу кодекснинг 155-моддасида белгиланган қоидалар бўйича ариза берувчига қайтарилиши керак.

Шу асосда суд даъво аризасини қайтариш ҳақида қарор чиқаради.

Даъвогарга қарорда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилгандан сўнг, судга қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.

Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни кўришда алоҳида ажралиб турадиган ҳолат шундаки, судлар ишда иштирок этувчи шахсларни суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида, хусусан, жавобгарни хабардор қилиш мажбуриятини ариза берувчининг зиммасига юклашга ҳақли.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 221-моддасига кўра, ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак, бунда ариза судга келиб тушганидан кейин камида бир ойдан кейин кўриб чиқиладиган молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги ишлар бундан мустасно.

Судда иш кўрилаётганда суд молиявий санкциялар суммаси ҳисоб-китоби қанчалик тўғрилигини текширади. Ушбу тоифадаги иш бўйича келишув битими ёки медиатив келишув тузилишига йўл қўйилмайди.

Кўриниб турибдики, қонунчиликда молиявий таъсир чораларини қўллаш тартиби аниқ кўрсатилган. Унга қатъий амал қилиш орқали ҳар қандай низо ёки масалани адолат билан ҳал қилиш мумкин.

Г.А.Арзиева,

Нукус туманлараро экономикалық

судининг судьяси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги