Соҳадаги камчиликлар муҳокама қилиниб, вазифалар белгиланди

Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси М.Атамуратов раислигида 2025-2026-ўқув йилига тайёргарликнинг боришига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги раҳбарияти, шаҳар ва туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари бошлиқлари, умумий ўрта таълим мактаблари директорлари ва масъул раҳбар ходимлар иштирок этди.
Йиғилишда янги ўқув йилига самарали тайёргарлик кўриш, таълим муассасаларида мавжуд шароитларни такомиллаштириш, ўқув-тарбия жараёнини юқори даражада ташкил этиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бирга, таълим сифатини ошириш, ўқитувчилар малакасини мунтазам ошириб бориш, соҳага замонавий таълим технологияларини жорий этиш ва ўқувчилар учун муносиб таълим муҳитини яратиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда бу йилги мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари ҳам кенг таҳлил қилинди. Айрим туманлар кесимида натижалар ўзаро таққосланиб, юқори кўрсаткичларга эришган ҳудудлар тажрибаси намуна сифатида кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, паст кўрсаткич кўрсатган ҳудудларнинг ҳам ишлари очиқ муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар белгиланди.
Шу билан бирга, инфратузилма, ўқув қуроллари билан таъминлаш, педагог кадрлар етишмаслиги ва бошқа долзарб масалалар ҳам танқидий таҳлил қилиниб, муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар ва муддатлар белгиланди.
Тадбир якунида мутасадди раҳбарларга янги ўқув йилини муносиб кутиб олиш, таълим тизимида сифат кўрсаткичларини яхшилаш ва белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш бўйича кўрсатмалар берилди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси