Болалар саломатлигига эътибор кучайттирилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилиб, дастлаб журналистлар Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб борилиб, у ерда матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда мазкур тиббиёт маркази бош шифокори Алима Маткаримова марказ томонидан 2024 йил ва 2025 йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида кенг маълумот берди.
Таъкидланганидек, марказ томонидан соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш давлат дастурини бажариш давом эттирилмоқда.
Бугунги кунда Республика болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 7 та бўлим фаолият кўрсатиб турибди, 235 ўринга эга. Марказ фаолияти кўлами кенгайиб, янги лаборатория текшируви, юқори технологик даволаш ва диагностика усуллари амалиётга жорий этилди.
Марказда чақалоқлар жарроҳлиги профили бўйича туғма нуқсонлари бўлган янги туғилган чақалоқларга операциялар қилиш йўлга қўйилиб, болаларга юқори технологик операциялар қилиниб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Марказнинг лаборатория бўлими янги ИХЛА аппарати ва автомат биокимёвий ускуналар, жарроҳлик микроскопи, ЛОР соҳасида эндоскоп аппарати билан таъминланиб, юз-жағ жарроҳлиги ривожланиб, урологик, реконструктив, пластик жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилди. Реанимация бўлимларида янги туғилган чақалоқларга реанимация ва анестезиологик хизмат кўрсатиш ҳам йўлга қўйилди. Республика ихтисослаштирилган Педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика Болалар миллий тиббиёт маркази етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда жарроҳлик амалиётлари бажариш йўлга қўйилди. Марказ шифокор ва ҳамширалари малакасини мунтазам равишда Тошкент шаҳрида ва хорижий давлатларнинг илғор тиббиёт клиникаларида ошириб келмоқда.
Марказнинг ривожланиши унинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиши ва барча бўлимларнинг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши, юқори малакали илмий кадрлар – педиатр, болалар хирурги, клиник ординаторлар ва шифокорларни тайёрлаш билан биргаликда амалга оширилмоқда. Марказ мутахассислари халқаро илмий конференцияларда маърузалар билан фаол иштирок этиб, сўнгги йилларда Россия, Германия, Беларусь, Туркия, Кувайт, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Хитой ва бошқа давлатларнинг етакчи мутахассислари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Телемедицинанинг ривожланиши ҳам тиббиётнинг янги қўлга киритган ютуқларидан биридир. Анжуманда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали фаолияти билан танишди.

Филиал 230 та ўриндан иборат бўлиб, шундан пуллик ўриндан гинекология бўлимида 20 та, туғруқ бўлимларида 16 та, патология бўлимида 14 та ўрин ажратилган.
– Филиалимизда 4 та туғруқ, 4 та чақалоқлар, скрининг, репродуктив саломатлик, маслаҳат поликлиникаси, оператив гинекология, консерватив гинекология, лаборатория, реанимация, чақалоқлар патологияси, чақалоқлар реанимацияси, операция қилиш, кир ювиш, автоклав, ошхона бўлимлари аҳолига хизмат қилиб келмоқда, – дейди филиал директорининг акушерлик ва гинекология ишлари бўйича ўринбосари У.Халлиев.
Шу кунгача, яъни 2025 йилнинг 7 ойи давомида 186 гинекологик операциялар бажарилди. Ҳозирги кунда халққа сифатли хизмат кўрсатиш учун Лаборатория бўлими ПЗР аппаратлари билан таъминланди. Маслаҳат поликлиникаси бўлимига кольпоскопия аппаратлари келтирилди. Шифокорлар томонидан юқори технологик аппаратуралар, яъни, лапроскоп ва гистероскоп аппаратлари ёрдамида операциялар бажарилмоқда.
Пресс-тур давомида иштирокчилар филиалда шифокорларнинг ишлаши ва фуқаролар учун яратилган шароитлар билан танишиб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги