Ёшлар учун замонавий IT-шаҳарча иш бошлади

166

Ёшларни рақамли технологиялар соҳасига жалб қилиш, чекка ҳудудларда IT соҳасини ривожлантириш ва уларга замонавий билимларни эгаллаш учун шароит яратиш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада мамлакатнинг барча ҳудудларида тенг имкониятлар яратишга эътибор қаратилаяпти.

Жорий йилнинг 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган видеоселектор мажлисида бир қатор чекка ҳудудларда IT-шаҳарчаларни ташкил этиш вазифаси белгиланган эди. Ушбу топшириқ ижроси доирасида Чимбой туманидаги “Кенгес” овул фуқаролар йиғини ҳудудида янги IT-шаҳарча барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.

Йўлга қўйилган мазкур лойиҳа ёшлар учун фақат таълим олиш маскани эмас, балки уларнинг технологик салоҳиятини ривожлантириш, иш билан таъминлаш ва рақамли дунёга муносиб тайёрлаш имкониятини беради. Президентимиз таъкидлаганидек, IT-шаҳарчалар юқори малакали мутахассислар иштирокида фаолият юритиши, таълим ва амалий кўникмаларни уйғунлаштириши лозим.

Чимбой туманида ишга туширилган бу шаҳарча ҳам айни шу мақсадларни қамраб олган ҳолда, республиканинг шимолий ҳудудларида истиқомат қилувчи ёшлар учун замонавий IT-шаҳарча ташкил этилди.

Мазкур ташаббус нафақат IT соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади, балки ёшларнинг замонавий билим ва касбларга бўлган қизиқишини ошириб, уларни келажакда рақобатбардош кадрлар сифатида шакллантиришда муҳим омилга айланишига ишонамиз.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги