Хотин-қизлар тадбиркорлиги учун қулай шароитлар яратилмоқда

Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, тадбиркорлик йўналишида билим ва кўникмаларни шакллантириш, аёлларнинг мустақил фаолият бошлаши учун қулай шароитлар яратиш амалдаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари ва улар асосида қабул қилинган қарорлар ижроси доирасида Беруний туманида хотин-қизлар учун махсус ўқув курслари ташкил этилди. Ушбу тадбирни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби амалга оширди.
Ўқув семинарида “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган 200 нафар хотин-қиз қамраб олинди. Улар учун махсус дастур асосида дарслар ташкил қилинди ва натижада иштирокчиларга белгиланган тартибда сертификатлар топширилди, – деб маълумот берди туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув жараёнлари хотин-қизларнинг ўз бизнесини йўлга қўйиши учун янги имконият ва эшигини очади. Энди улар ўз билимлари ва ташаббуслари асосида иқтисодий фаолиятни бошлаш, оиласи ҳамда жамият фаровонлигига ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлишади.

Бундай амалий лойиҳалар аҳоли ўртасида тадбиркорлик руҳини шакллантириш, айниқса хотин-қизлар орасида иқтисодий мустақилликни рағбатлантиришда муҳим ўрин тутади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги