Депутат шамол электр станциясидаги қурилиш ишлари билан танишди

212

Қораўзак туманида Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси томонидан қурилаётган, қуввати 100 МВт бўлган шамол электр станциясида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. 108 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ушбу лойиҳа мамлакатимизнинг барқарор энергетика стратегиясининг бир қисми бўлиб, минтақада «яшил» энергетикани ривожлантиришга қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Бахитбай Алдамуратов мазкур қурилиш майдонида бўлиб, у ердаги иш жараёни билан танишди.

Ташриф доирасида депутат лойиҳани амалга оширишнинг ҳозирги босқичи билан танишди, техник мутахассислар билан суҳбатлашди, лойиҳанинг ҳудудни ривожлантиришга ижтимоий-иқтисодий таъсири масалаларини муҳокама қилди.

Айтиш жоизки, ҳозирги пайтда лойиҳанинг 65–70 фоизи бажарилган бўлиб, қурилиш ишлари жорий йил октябрь ойида тўлиқ якунланиши режалаштирилган. Станция эса ноябрь ойида фаолият бошлайди. Лойиҳа доирасида жами 16 та шамол турбинасини ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг барчаси муваффақиятли тарзда ўрнатиб бўлинди.

– Ушбу шамол электр станцияси нафақат замонавий энергетика объекти, бу энергетик мустақиллик, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуддаги экологик вазиятни яхшилаш йўлидаги олға ташланган қадамдир, – дейди депутат Бахитбай Алдамуратов. – Лойиҳанинг етакчи халқаро инвесторлар билан яқин ҳамкорликда амалга оширилаётгани Ўзбекистонга ишончли ҳамкор сифатида ишонч ортиб бораётганидан далолат беради.

Лойиҳа шу мақсадда махсус ташкил этилган «ACWA Power Wind Karatau FE LLC» компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Имзоланган келишувга кўра, компания «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ билан тузилган шартнома асосида 25 йил давомида электр энергиясини етказиб беради. Шунингдек, Молия вазирлиги ваколатида инвесторлар ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Давлат қўллаб-қувватлаш шартномаси (GSA) тузилди.

Қораўзакдаги станция «ACWA Power» компаниясининг Ўзбекистондаги тўртинчи лойиҳасидир. Аввалроқ компания Ўзбекистон билан узоқ муддатли шерикликка содиқлигини тасдиқлаб, Сирдарё вилоятида буғ-газ қурилмалари ўрнатилган иккита иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаган эди.

– Ҳозирги босқичда шамол генераторларини ўрнатиш ишлари тўлиқ якунланди. Яний, ҳозирги кунда 16 та шамол турбинаси тўлиқ ўрнатилди. Кейинги босқич – электр ускуналарини синовдан ўтказиш (тест режимида ишга тушириш), электр тармоқларига улаш, бошқарув ва назорат тизимларини тўлиқ созлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу босқичлар муваффақиятли якунлангандан сўнг, станция ноябрь ойида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган, – дейди лойиҳа раҳбари Сардорбек Маҳмудов иш йўналиши ҳақида.

Шунингдек, ташриф давомида экология ва аҳоли билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. «ACWA Power» вакили сўзларига кўра, компания ҳудудда ижтимоий ташаббусларни, жумладан, маҳаллий мутахассисларни ўқитиш дастурлари ва инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни амалга оширмоқда.

Олий Мажлис депутатининг ушбу ташрифи қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги лойиҳалар давлат тузилмаларининг алоҳида эътиборида эканининг яна бир далили бўлди. Шамол энергетикасини ривожлантириш Ўзбекистоннинг муқобил энергия манбалари улушини ошириш стратегиясининг асосий элементи бўлиб, уни муваффақиятли амалга оширишда халқаро компаниялар билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги