Божхона: Жорий йил 1 сентябрдан бошлаб ўтказиш пунктларидаги тўловлар ахборот тизими орқали ундирилади

152

Божхона операцияларининг автоматлаштирилиши – коррупциядан холи тизим яратишга хизмат қилмоқда.

Божхона органларида ҳар пайшанба – ҳуқуқбузарликларга қарши профилактик тадбирлар куни муносабати билан, «Довуд-ота» чегара божхона пости ходимлари томонидан пост орқали ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига божхона қонунчилигидаги ўзгаришлар бўйича тарғибот ишлари олиб борилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 мартдаги ПФ-57-сонли фармонига асосан 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб ўтказиш пунктларида ундириладиган барча турдаги йиғимлар ва тўловлар божхона органларининг ахборот тизими орқали ундирилиши ва ҳисоби юритилиши бўйича тушунтиришлар берилди. Бундай қонунчиликдаги ўзгаришлар, божхона органлари фаолиятини автоматлаштирилган тизим орқали амалга оширишга қаратилган бўлиб, ўз-ўзидан коррупция, порахўрлик иллатларининг келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилади.




Шунингдек, фуқароларга божхона чегараларини кесиб ўтишда божхона қонунчилигига қатъий риоя қилиш ва ҳеч қачон божхона ходимига «пора» таклиф этмаслик, божхона ходимининг моддий манфаатдорлик ҳолатига дуч келса, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг 11-08 қисқа ва Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг (61) 224-90-86 ишонч телефон рақамларига қўнғироқ қилиш сўралди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги