Божхоначилар «Мурувват» уйи тарбияланувчиларининг қувончига шерик бўлди

145

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан жойларда «Ватан учун, халқ учун, миллат учун!» шиори остида мамлакатимиз бўйлаб турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Байрам муносабати билан Нукус шаҳридаги ногиронлиги бўлган аёллар «Мурувват» интернат уйи тарбияланувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг жисмоний саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида спорт мусобақалари ташкил этилди.

Эстафета ўйинларида фаол иштирок этган тарбияланувчиларнинг ихтирочилиги, чаққонлиги ва тезкор ҳаракатлари Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси ходимлари ва муассаса раҳбарияти томонидан адолатли баҳоланиб борилди.

Спорт мусобақалари байрам тадбирига уланиб, унда маданият соҳаси вакиллари томонидан она юртимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.

Тадбирда муассаса тарбияланувчилари ҳам фаол иштирок этиб, ўзларининг ижодий қобилиятларини намойиш этди. Божхона ходимлари тарбияланувчиларга байрам табригини йўллаб, совғалар тарқатди.

Таъкидлаш жоизки, бундай тадбирлар иштирокчиларнинг соғлом ва мазмунли ҳаёт кечиришига хизмат қилади, уларнинг жамоадаги дўстона муносабатларини мустаҳкамлайди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги