БМТ вакили Ўзбекистоннинг аксилкоррупция сиёсатидаги муҳим ислоҳотларига юқори баҳо берди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов БМТ Гиёҳванд моддалар вa жиноятчилик бўйича бошқармасининг Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон вa Покистон бўйича минтақавий вакили Оливер Столпе билан учрашди.
Учрашувда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини амалга ошириши доирасида берилган тавсияларни амалга оширишда эришилган натижалар вa мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.

Жорий йил Доҳада бўлиб ўтадиган конвенцияга иштирокчи-давлатлар конференцияси олдидан мамлакатлар ўртасида келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш имкониятларини ўрганиш, шу жумладан, резолюция лойиҳаларига таклифларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликдаги режалар кўриб чиқилди.
А.Бурхонов Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш сиёсатида халқаро ҳамкорлик устувор йўналишлардан бири экани, бу борада БМТ тузилмалари, хусусан, Гиёҳванд моддалар вa жиноятчилик бўйича бошқармаси доимо Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келаётгани учун миннатдорлик билдирди.

O.Столпе Ўзбекистоннинг аксилкоррупция сиёсатидаги муҳим ислоҳотлар, хусусан, коррупциянинг олдини олишга қаратилган янги превентив механизмларни жорий этиш, соҳада рақамлаштиришни ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди.
Мулоқот якунида БМТ вакили Агентлик томонидан ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича илгари сурилган ўзаро манфаатли таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларни истиқболда амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА