“Ўзкимёсаноат” ва KOICA ҳамкорлигида ёш олимлар учун янги имкониятлар яратилмоқда

147

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ўртасида навбатдаги ҳамкорлик амалга оширилди.

Унга асосан куни кеча “Ўзбекистонда кимё технологиялари маркази салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида Кореяда докторантура босқичини давом эттирадиган 3 нафар стипендиат билан шартномалар имзоланди.

Дастурда иштирок этувчи ёш олимлар Кореянинг University of Science and Technology (UST) олийгоҳида таҳсил олиб, кейинчалик янги ташкил этилаётган UzCCTда фаолият олиб борадилар. Улар ўз билим ва кўникмаларини мамлакатимиз кимё саноатида инновациялар ва барқарор ривожланишга йўналтиришлари назарда тутилган.

Жамият ахборот хизматига кўра, 2021-2027 йилларга мўлжалланган мазкур лойиҳа юртимиз кимё саноати рақобатбардошлигини ошириш, замонавий илмий инфратузилмани яратиш ҳамда малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилган. Лойиҳа амалга оширила бошлаганидан буён 11 нафар магистратура талабаси ва 10 нафар PhD талабаси дастур иштирокчиси сифатида танлаб олинди.

Таъкидлаш жоизки, “Ўзкимёсаноат” АЖ ва KOICA ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа нафақат ёш олимларнинг илмий салоҳиятини ошириш, балки мамлакатимиз кимё саноатида инновацион ечимлар жорий этилиши ва барқарор ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Н.Зиёдуллаева,
ЎзА