Япония билан олий таълим соҳасида яна бир Грант шартномаси имзоланди

Бугун Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хатори Такаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов иштирокида кун чиқар юрт ҳукуматининг беғараз ёрдам дастури доирасида жами 422 миллион иен – тахминан 2.8 миллион доллар қийматга тенг Алмашинув ноталари имзоланди.
Мазкур келишув “Кадрлар тайёрлаш учун стипендия тақдим этиш” дастури асосида мамлакатимиз давлат идораларининг ёш ходимлари Японияда таҳсил олишини таъминлайди. Шунингдек, вазиримиз JIСА – Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Бито Ёшибуми лойиҳа бўйича Грант шартномасини имзолади.
2026 йил давомида ёш давлат хизматчиларидан 18 нафари япон университетларида 2 йиллик магистратура, 1 нафари 3 йиллик докторантура босқичида таълим олиш имконига эга бўлади. Бунинг натижасида ёш кадрларимиз мамлакат ривожи ва тараққиёти учун зарур мутахассислик билимларини эгаллаб, жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиши кутиляпти. Умуман, турли соҳа ва йўналишлар бўйича ҳамкорликда амалга оширилаётган бундай лойиҳалар Япония ва Ўзбекистон муносабатларини чуқурлаштириш, мавжуд дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши тайин.
Маълумки, 2022 йил декабрь ойида Токиода “Марказий Осиё – Япония” мулоқоти доирасида Ташқи ишлар вазирлари 9-йиғилиши бўлиб ўтган. Ўша музокаралар давомида эркин ва очиқ Марказий Осиёда барқарор тараққиётга эришиш учун “Инсонга сармоя киритиш” ҳамда “Ўсиш сифати”га асосланган янги ҳамкорлик моделини ривожлантиришга қаратилган режалар илгари сурилган эди. Мазкур дастур ушбу икки йўналиш доирасидаги лойиҳалар мақсадини ўзида мужассам этган.
Япония ҳукумати Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш ва икки давлат ўртасидаги ўзаро тушунишни чуқурлаштириш бўйича саъй-ҳаракатни мунтазам давом эттириш ниятида.
Ғ.Хонназаров, ЎзА