Болаларнинг ижтимоий ҳимояси йўлидаги тизимли ёндашув

148

Ватан учун, миллат учун, халқ учун!

Бугунги кунда ҳар қандай жамиятнинг барқарор ривожланиши, аввало, ундаги болаларнинг ҳуқуқлари, манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш даражасига бевосита боғлиқ. Шу боис, Ўзбекистон Республикасида болалар фаровонлигини ошириш, уларнинг соғлом улғайиши, сифатли таълим олиши ҳамда ижтимоий тенглик асосида камол топишини таъминлаш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар тизимли равишда давом эттирилмоқда. Хусусан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан болаларнинг фаровон ҳаётини таъминлаш ва имконияти чекланган болалар учун қулайликлар яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг тегишли қарорига асосан, 2025 йил 1 мартдан бошлаб тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич республиканинг 7 та ҳудудида 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати ташкил этилиши белгиланган. Ушбу парвариш хизмати Чиноз туманининг Йўл тушган маҳалласида жорий этилган бўлиб, бугунги кунда давлат-хусусий шериклик асосида фаолият олиб бормоқда. Унга жалб этилган болаларнинг нутқи ва ҳаракатида ижобий ўзгаришлар кузатилиб, ушбу парвариш хизмати болаларнинг босқичма-босқич ривожланишига ўз хиссасини қўшмоқда.

Соҳа доирасида амалга оширилган яна бир йирик ислоҳотлардан бири, 2025 йил 14 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг 440-сон қарори билан муҳим ҳужжат – “Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, хавф даражасини баҳолаш, ҳимоя режасини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг тасдиқлангани бўлди.

Ушбу қарор Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 27-моддасини амалда таъминлаш учун муҳим қадам бўлди.

Агар бола зўравонликдан жабрланган ёки хавф остида экани аниқланса, бу ҳолат дарҳол махсус хабарнома орқали ваколатли органларга етказилиши лозим. Хабарнома келиб тушгач, ҳар бир ҳолат бўйича бола хавф даражаси баҳоланади. Шундан сўнг, унга мос индивидуал ҳимоя режаси ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади. Бу режада боланинг хавфсизлиги, психологик ҳолати, ижтимоий ҳимояси ва таълимга бўлган ҳуқуқлари инобатга олинади.

Мазкур жараёнда қуйидаги идора ва ташкилотлар ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб боради: ички ишлар органлари, соғлиқни сақлаш тизими, таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғини, ижтимоий хизматлар марказлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар. Бу ёндашув ҳар бир ҳолатни эътиборсиз қолдирмаслик, ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва боланинг ҳар томонлама ҳимоясини таъминлашга қаратилган.

“Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 47-моддасига кўра, юқоридаги тартибга амал қилмаслик, хабар бермаслик ёки ҳимоя чорасини кўрмаслик қонуний жавобгарликка олиб келади.

Ушбу механизм болаларни реал ҳимоя қилишга, ҳар бир ҳолатни эътиборсиз қолдирмасликка ва институтлараро аниқ ҳамкорикни йўлга қўйишга хизмат қилади.

Ижтимоий ҳимоя тизимида ногиронлиги бўлган болалар билан ишлаш, уларнинг тўлақонли ҳаётга қайтиши ва оила муҳитида тарбияланишини таъминлаш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Бу йўналишда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2025 йил бошидан буён Қарши шаҳрида жойлашган “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйида тарбияланаётган 21 нафар бола, шунингдек, кичик ҳажмли болалар уйидан яна 1 нафар бола оила муҳитига қайтарилди. Бу ташаббус болаларнинг табиий муҳитда, яқинларининг меҳр-эътибори билан улғайишига хизмат қилмоқда.

Ҳар бир боланинг шахсий эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, уларни оилага қайтаришдан аввал чуқур ўрганиш ишлари олиб борилиб, психологик ҳолати, ижтимоий мослашув даражаси, тиббий эҳтиёжлари батафсил таҳлил қилинади. Ҳар бир бола учун алоҳида режа ишлаб чиқилган. Бу режа асосида бола оила бағрига қайтарилгандан кейин муаммолар ҳам олдиндан прогноз қилинди.

Давлат томонидан кўрсатилаётган ушбу қўллаб-қувватловлар орқали ногиронлиги бўлган болалар ҳам тўлақонли ҳаёт кечириш имкониятига эга бўлмоқда. Оила муҳити, меҳр ва эътибор боланинг ривожланиши учун энг муҳим ижтимоий омил бўлиб қолади. Ижтимоий ҳимоя тизимидаги бундай ташаббуслар нафақат болалар, балки уларни бағрига олган оилалар учун ҳам катта имкониятлар эшигини очмоқда.

Ўзбекистон Республикасида бола ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Айниқса, болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг соғлом ривожланишини қўллаб-қувватлаш, таълим ва тарбия олиш ҳуқуқини таъминлаш ҳамда зўравонликдан ҳимоялаш бўйича сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобий самара бермоқда. Бу жараёнда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги муҳим роль ўйнамоқда. Агентлик томонидан имконияти чекланган болалар билан ишлаш, уларни оила бағрига қайтариш, кундузги парвариш хизматларини йўлга қўйиш, ҳар бир боланинг эҳтиёжларини аниқлаб, унга индивидуал ёндашув асосида ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Қолаверса, болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича давлат ва нодавлат сектор ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш хусусан, давлат-хусусий шериклик асосидаги кундузги парвариш хизматлари жорий этилиши ижтимоий ҳимоя тизимининг янги босқичга ўтаётганидан далолат беради. Бу ташаббус нафақат болаларнинг соғлом ривожланишини, балки оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини таъминлашга ҳам катта ҳисса қўшмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз ва меҳрли муҳит яратиш – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолиятининг марказида турибди. Бу йўналишдаги изчил ҳаракатлар орқали нафақат ҳозирги, балки келажак авлоднинг саломатлиги, билимдонлиги ва баркамоллиги кафолатланмоқда.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА