Ўзбекистон ва Миср сув хўжалиги соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Бугун Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Миср Араб Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тамир Ҳаммад билан учрашув ўтказди.
Учрашувда икки давлатни бирлаштириб турадиган тарихий-маданий муштараклик, азалий дўстлик ва яқин ҳамкорлик алоҳида таъкидланди.

Ўз навбатида, мулоқот чоғида Аҳмад Фарғоний мероси ёдга олинди. У ўз даврининг етук астрономи, математиги ва географи сифатида Бағдод, Дамашқ ҳамда Қоҳирада илмий изланишлар олиб борган. Олим 861 йилда Нил дарёсида сув сатҳини ўлчаш учун “Миқёс ан-Нил” қурилмасини барпо этган бўлиб, бу иншоот қарийб 1200 йил мобайнида узлуксиз хизмат қилган. Бугунги кунда эса у сайёҳлар ташриф буюрадиган муҳим тарихий обидага айланган.
Учрашувда томонлар сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ер ости сувлари заҳирасини ўрганиш, сувни тежаш технологиялари ва инновациялар соҳасида тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилди.

– Ўзбекистонда ҳам, Мисрда ҳам зироатчилик иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бири ҳисобланади. Экин етиштириш учун эса сув энг муҳим омил. Биз сувдан оқилона фойдаланиш ва уни тежашда катта тажрибага эгамиз. Шу йўналишда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, – деди элчи жаноблари.
Элчи Тамир Ҳаммад сув хўжалиги вазирини жорий йилнинг 12-16 октябрь кунлари Қоҳира шаҳрида ўтказиладиган “Сув ҳафталиги” тадбирларига ҳам таклиф этди. У мазкур мулоқотни жуда самарали ва эсда қоларли учрашувлардан бири сифатида баҳолади.
Учрашув якунида томонлар сув хўжалиги соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА