Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик алоқалари янги босқичга чиқмоқда

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани ва икки томонлама ҳамкорлик янги йўналишларда мустаҳкамланаётгани бугунги куннинг муҳим воқелигидир.
Мазкур жараён доирасида Хитойдан келган нуфузли делегациянинг мамлакатимиз давлат ташкилотларига ташрифи ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Хитой Электроника савдо палатаси президенти Ван Нинг бошчилигидаги делегация ҳамда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси масъуллари иштирокида Рақамли технологиялар вазирлиги ва “Ўзавтосаноат” АЖда ташкил этилган учрашувларда шу хусусда сўз юритилди.
Делегация ташрифи доирасида икки томонлама ўтказилган музокараларда Хитой компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, автомобилсозлик, электротехника ва ахборот технологиялари соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот чоғида қўшма маҳаллийлаштириш дастурларини кенгайтириш, замонавий технологиялар трансфери, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди. Унда амалий чораларни кўриш мақсадида ишчи гуруҳлар тузиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Уюшма ахборот хизматига кўра, Хитой делегациясининг мамлакатимиздаги учрашувлари икки давлат ўртасидаги ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорликка хизмат қилади. Музокараларда саноат, автомобилсозлик ва рақамли технологиялар соҳаларидаги қўшма ташаббуслар муҳокама қилиниб, амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган аниқ йўналишлар белгилаб олинди. Бу эса Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА